Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўрадилар.
Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳини кўтаради. Улар учратган ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам муаммоларига айланади.
Улар – ватанпарвар. Ҳар ҳолда Ўзбекистонда худди шундай. Ватаннинг гуллаб-яшнаши, ижобий ўзгаришлар ҳар бир фуқаронинг ҳаётини юксалтириш сари қўйилган қадам эканини теран ҳис қиладилар, кайфиятилари кўтарилади. Худога минг шукурким, бу ўзгаришлар ҳар соатда, ҳар кун рўй бериб турибди. Бутун мамлакат ҳаракатда. Энг муҳими, бу ислоҳотлар жайдари тусда эмас, балки жаҳоннинг энг илғор технологиялари асосида олиб борилмоқда. Шароитлар яратилгани туфайли инвестициялар бемалол кириб келяпти. Ривожланиш шиддати бутун мамлакатни қамраб олган.
Қалам аҳли бу ва кўплаб бошқа ютуқлардан бохабар. Муаммоларни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни ҳам мудом сезиб турадилар.
Яқинда бир даста ижодкор дўстлар билан қўшни дўст мамлакатга сафарда бўлдик. Бир кеч ўз-ўзидан бадиҳа давра тузилиб, суҳбат гуриллаб кетди. Аввал мезбон мамлакатни Ўзбекистон билан таққос қила бошладик. Бараварига “биз олдинга кетибмиз” деган хулосага келдик! Бугунги Ўзбекистон ҳақида гаплашдик. Мен етмиш олти йил умр кўрганимни, аммо халқимиз ҳеч қачон бундай яйраб яшамаганини айтиб қолдим. Даврадагилар бу гапимни ҳам бир оғиздан тасдиқлади. Ҳа, шундай! Ҳеч қачон бундай яшамаганмиз!
Юракларни фахр билан тўлдирган бу эътирофлар қачон кўнглимизни тўлдирди?
Ахир биз эътироф этган ютуқлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ-ку?
Унинг ортида кимнинг меҳнати-ю заҳмати, бетиним ҳаракати ётибди?
Мамлакатимизнинг барча минтақаларида ёйилган бунёдкорликка ким ғайрат-шижоат бағишлаяпти?
Бу саволларга жавоб битта: бу оламшумул зафарларнинг ортида бир кишининг, ҳа, бир кишининг – Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фидокорлиги турибди.
Оз эмас, кўп эмас, Янги Ўзбекистонни қурмоқчи бўлган шу азамат инсоннинг мисли кўрилмаган фидокорлиги!
Мен бу инсон ҳақида кўп ўйладим. Охири бу одам ҳақида ёзмасам, адолатдан бўлмас экан, деган қарорга келдим.
Йўқ, хушомад қилиш ниятим йўқ. Нимага хушомад қиламан? Ёшим бир жойга борган бўлса, мукофот-у унвонларни ҳам ҳеч кимга ликилламай олган бўлсам...
Бу ислоҳотлар бошланганда мамлакат қай аҳволда эди?
Одамлар қандай яшаётган эди?
Ўзимнинг бошимдан ўтказганларимни бир эслай.
Мен кўп қаватли уйда яшайман. Уйимиз неча-неча қишлар бўйи исимасди. Бир фарзандим кейинчалик “шу уйда бир умр совуқ қотиб улғайдик”, деб эслади.
Нафақага чиқдим. “Нафақангни ярми” тўланади дейишди. Нима дейман? Хўп-да... Кўпга келган тўй.
Маош ҳемири. Ярим пенсияга қўшиб, ойдан-ойга аранг етказамиз.
Тўлов пластик картаси билан машмашаларни-ку айтмай. Дўконга борасан. Керакли молнинг нархини сўрайсан. “Нақд олсангиз саксон сўм, пластик карта билан тўласангиз юз”...
Деновда бозорнинг нақ ўртасида пластик карталардаги пулларни нақдга алмаштириш “пункти” очилди. Ўша безбет шаклда – юз сўм ечиб олишса, саксон сўм қўлингга беришади. Энг даҳшати, бу пунктни бундай ҳоллар юз бермаслигини назорат этувчи ташкилотларнинг одамлари амалга оширди. Додингни кимга айтишни билмайсан..
Бу лўттибозликлар бутун халқ кўз ўнгида рўй берди. Ҳеч ким “миқ” этолмади. Қўрқув. Бу қўрқувдан яралган тақдирсизлик – эртани ўйлашдан чўчиш мудом елкадан тошдай босиб турди.
Қарз кўтардим. Долларда қарз берганларга, долларда қайтариб бериш керак. Банк кассаларининг ёнига ҳам боролмайсан. Банклар долларни сотувга чиқариб, ўзлари сотиб олиб ётибди – одамларини қўйиб қўйишган – аллақандай шанқи хотинлар...
Бозорга борасан. “Долларчи”лар шайкаси ҳар қадамда... Долларнинг нархи расмий нархдан икки баробар баланд. Кўр бўлиб оласан.
Сурхондарёдан ғалла етиштирган бир тадбиркор менга учрашиб ғалласини топширганини, аммо ҳақини еб кетишганини айтди. Мен бир-икки амалдорга айтган бўлдим. Бирор натижа чиқмади. Тадбиркор шу хўрликнинг жабридан ўлиб кетди...
У-бу жойлардаги ўзгаришлар одамларнинг дастурхонига етиб келмади. Мамлакатни фирибгарлар босди.
Бу ишга қарши курашиши лозим бўлган ташкилотлар давлат ичида давлат тузди. Одамлар устидан зўравонлик жорий этилди.
Масалан, Сурхондарёда Хавфсизлик хизмати аллақандай фашистик (бошқа сўз уларнинг қилмишини ифодалаб беролмайди) тизим ўрнатди. Одамларни пашша ўрнига кўрмадилар. Хўрладилар, мулкларини тортиб олдилар, мисли кўрилмаган қийноқларга солдилар, ўлдириб ҳам юбордилар. Қийноқларнинг Сталин замонида кечган усулларини қўлладилар. Уларни янада янги “поғона”ларга кўтардилар.
– Тирноқларимни суғуриб олдилар, деб зориллаб эслайди уларнинг қўлига тушган бир бегуноҳ. – Ҳаммасини бараварига суғурсалар ҳам майли эди, ҳар кун биттасини суғурадилар”...
Ҳатто ҳокимларга ҳам тайзиқ ўтказилди. Бу юртда улар ҳам ишлашдан безиб қолди. Ноилож, ишдан кетиш ҳақида ариза ёздилар.
Мустақилликдан одамларнинг кўнгли қола бошлади.
Битта-ярим танишлар менга ҳам таъна қила бошладилар. “Ана, сиз орзу қилган истиқлол”...
Рости, мен ҳам бебахт яшадим. Газета-журналларда ёзганларимни нашр этиш нари турсин, исм-фамилиямни ҳам ўчириб ташлайдиган бўлишди. Мен нима қилган эдим? Бир кўрсатувда “бировлар ҳаром-хариш йўл билан пул тўплаяпти – пайти келгач, пулларини кўтариб хорижга жўнаб кетадилар”, деган рост гапни айтган эдим холос. Бу кўрсатув туфайли телевидениедаги неча-неча ижодкорлар жазоланди, ишдан кетди...
Тан олайлик, мустақилликнинг илк даврида янги тизимли мамлакатни бунёд этиш, ночорликдан қутулиш учун бир қадар қаттиққўллик ҳам зарур эди. Аммо мамлакат ривожланиб борган сари бу қаттиққўллик ўрнини, адолат ўлчамларига мос йўриқлар аста-аста эгаллаб бориши кераклиги ҳам барчага аён эди. Бироқ бундай бўлмади. Чунки энг тепадаги одам ҳам найрангбозларнинг қўлида асирдай яшади. Жойларда рўй бераётган, ҳатто ўз оиласида рўй бераётган воқеалардан ҳам ғофилликда қолди. Барча адолатсизликлар сир тутилди.
Юқоридаги ёзганларимни ҳеч ким рад этолмайди. Уларни бор бўйича кўрсатиш учун эса неча жилдлаб китоблар ёзилса бўлади. Мен фақат бошимдан ўтказганларимнинг ва туғилган юртим Сурхондарёда рўй берган машҳум воқеаларнинг бир қисминигина эслаяпман.
Авж олган муаммоларни бартараф этиш йўлларини ҳеч ким билмасди.
Бироқ Парвардигор билгувчидир! У мамлакатни ривожланиш сари йўналтириш учун нима қилиш кераклигини аниқ билди.
Мамлакат президентлигига Шавкат Миромонович Мирзиёв сайланди ва… бирдан мўъжизаларга ўхшаш ҳодисалар рўй бера бошлади.
Юқорида айтиб ўтганим кўргуликлар битта-битта ечимни топиб кетаверди. Тўлов пластик карталари рисоладагидай ишлай бошлади, пенсиялар тўлиқ бериладиган бўлди, банклар янгича ишлаш тизимига ўтишди – хоҳласаларинг, мана, сўм; истасаларинг доллар, марҳамат... Сурхондарёдаги одам қиёфасидаги ҳайвонлар ҳам жазосини олди. Аммо бу ечимларни топиш учун қанчалар сабот ва жасорат керак бўлгани фақат ва фақат Шавкат Миромоновичнинг бир ўзига аён. Ахир қаламга олганим ҳодисалардан ташқари, у кишининг зиммасида яна қанча қанча ташвишлар бор эди.
Биргина Сурхон халқини зор қақшатган мустақилликнинг зараркундалари шайкасини тугатиш нақадар қийин бўлганини тасаввур қиламан. Ахир улар осмондан тушмаган – бу гумроҳларни Тошкентдан мартабаси баланд, бели бақувват, бировни назар-писанд қилмайдиган ҳомийлари қўллаб-қувватлаб турарди. Бу жиноятчилар тўдасининг кўлами жуда катта – бир-бирлари билан зич боғланиб кетган; халқнинг манфаати деган муқаддас тушунчани тушида ҳам кўрмаган, одамлар ҳаётини хасдан ҳам арзон билган бедаволардан иборат эди. Аввал мана шу тўданинг боши кесилди. Бу иш осон бўлмади.. Бўшангроқ бир одам бўлганда, улар билан муроса–мадора этиб кетаверарди. Аммо Шавкат Миромонович бундай қилишни ўзига эп билмади. Чунки ўртада ватан, халқ тақдири бор эди. Бўлажак ватанни бундай тўдаларга панжа орасидан қараб эмас, балки бу тоифа ноқислардан тозалаб, покиза ният ва эзгу ҳаракатлар билан яратиш лозимлигини Шавкат Миромонович мудом теран ҳис этиб турарди.
Ватанни ҳалол одамлар яратишини бу инсон жуда теран тушунади.
Қотиллик иллати юққан бу касларлар эл-юрт озод қилинди. Аввал “тепа”даги, кийин пастдаги қатлам илдизи билан суғуриб ташланди. Бу гаплар айтишга осон...
Мамлакатимиз тарихида бу воқеалар кимгадир жуда кичик бир эпизод бўлиб туюлар, аммо халқнинг бошига чиқиб олган бундай жирканч тўдалардан озод этиш раҳбаримиздан қанчалар матонат ва қатъият керак бўлганини бир тасаввур қилиб кўринг!
Эсимда, бу воқеалар ниҳоясига етказилгач, президентимиз Сурхонга ташриф буюриб, “Сурхондарё халқи энди озодсан!” деб элга мурожаат қилган эди.
Ҳақиқатан ҳам Сурхондарё эркин нафас олди.
Мен фақат яхши билганим Сурхондарё ҳақида ёзяпман. Ўзбекистонда эса ўн иккита минтақа бор. Уларнинг муаммоларни ҳал этишдаги президентимизнинг мардонавор саъй-ҳаракатларини қаламга олиш учун эса бу мақола торлик қилишини, сезиб турибман.
Одамлар яхшиликка тез кўникишади. Бир-икки “яхши бўлди-е!” деб қувонишади-ю, худди ҳамиша шундай бўлгандай ўтиб кетаверадилар. Назаримда шундай бўлгани ҳам дуруст! Одамлар одамга ўхшаб яшашни ўрганяптилар! Муносиб яшаш мўъжиза эмас, шунчаки ҳар кун биз юзма-юз дуч келадиган воқелик эканига кўникиб боряпмиз-да!..
Аммо мен ривожланиш жараёни шу қадар жадал борётганидан барибир қувонаман.
Авлиёлар, олимлар маскани бўлган Термиз эс билганимдан буён кўримсиз, чанг-тўзонга қоришган, соя-салқиндан йироқ – ёпиқ ҳарбий бир шаҳарча эди. Унга киришнинг ўзи ҳам бир машаққат – ҳарбийларнинг пости ўрнатилган, ҳар бир йўловчининг паспортини синчиклаб текширишар, агар Сурхондарё ҳисобида бўлмасанг, ўтиб кўр-чи!
Мустақилликдан кейин эса, хабарингиз бор, бундай текширувлар янада авж олди. Энди ҳар бир вилоят ўртасида сунъий тўсиқлар – милиция постлари ўрнатилди. Бу ҳол халқимизнинг мамлакатимиз бўйлаб эркин ҳаракатланишига халақит берадиган ортиқча машмаша эди. Паспортни унутган бўлсанг, бу постлардан ўтишнинг ягона йўли – йўлини топиб, бу посбонларга пора бериш... Бошқа иложинг йўқ. Назаримда, бу постлар худди шундай вазиятни яратиш учун қўйилган тузоқ эди...
Сурхондарёда эса бу ҳол йўловчини жиддий таҳликага соладиган даражада мураккаб – вилоятга киришда – Дарбанд постида худди хорижга кетаётганингдай бор-йўғинг тинтилар; юкларинг эса лентага солиб, ўткир кўзли ускуналар ёрдамида, кўздан кечириларди. Бу ҳам етмагандай, чамадон-у сумкалар ҳам очиб текшириларди... Тинтув. Хуллас, пора бермасанг қутулиб бўпсан. Термизга ва Сариосиёга кираверишда яна шу ҳолга дуч келинар эди.
Бу тўсиқларнинг ҳаммаси Шавкат Миромоновичнинг бир шашти билан йўқ бўлди.
Чанг-у ғуборга қоришган Термиз ҳам бирдан ўзгара бошлади.
Ҳозир бу шаҳар кўчаларининг икки четида анвойи дарахтлар соя ташлаб турибди. Кетгунича ям-яшил чимзор. Гуллар ажиб бир дид билан экилган. Яқинда меҳмонхонадан машинада чиқиб, аэропортгача мана шундай гўзал – бир қарич ҳам узилмаган манзарани оралаб, аэропортгача бордим. Хорижий курорт шаҳарчаларини эслатади. Янги қурилган шинам, кўркам турар жой иморатлари ҳам ярашиқли. Менга ўқитувчилардан бири “одамларнинг уй-жой бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилган, бир хонадонда икки-уч оила тиқилиб яшашдан холис бўлган”, деб қолди. Амалдор эмас, ўқитувчи айтди.
Термиз эса ўсяпти. Баланд-баланд бинолар қад кўтаряпти. Ҳатто шаҳар эркин нафас ростлаб – тиқилмай кенгайиши учун қўшимча ерлар кераклиги кўзга ташланиб қолди. Шавкат Миромонович бу масалани ҳам ҳал қилиб бердилар, шаҳарга қўшимча жойлар ажратилди.
Ўқувчида Сурхондарёда фақат Термиз гуллаб-янаётган экан, деган таассурот қолмаслиги учун айтиб қўяй, вилоятлардаги барча туманлар ўзгача қиёфа касб этган. Чамаси беш-олти йил аввал бир гуруҳ санъаткорлар билан Сурхоннинг шимолий ҳудудлари сари кетаётган эдик. Йўлда бир зум чалғибман. Ўзимга келиб қарасам, бир нотаниш шаҳарнинг ёнидан ўтяпмиз. Кўп қаватли уйлар, ораларида ораста йўлкалар, дарахтлар, болалар ўйнайдиган майдончалар лип-лип ўтади. Қаерга келиб қолдик? Сурхондарёнинг ҳар бир қарич ерини биламан. Наҳотки туш кўрётган бўлсам? Бироз юргач, англадим, бу – Денов. Ҳа, ўзим бошдан-оёқ кезиб-билиб юрганим Денов! Эй, худо! Бу шаҳар ичидаги шаҳар – мўъжиза қачон, қандай барпо бўлди? Шунча тезми? Англадим – бу мўъжиза Президентимиз шижоати туфайли бунёд бўлган! Сўнг тасаввур қилдим – мамлакатда қанча туман бор, қанча шаҳар бор, борингки, маҳаллалар бор.... Барчасида мана шундай бунёдкорлик кетаётган бўлса керак-да! Кетяпти!
Бутун мамалакатда бундай ёппа бунёдкорликни қайси қудрат ҳаракатга келтиряпти? Бу саволга жавоб аниқ: Шавкат Миромонович Мирзиёев!
Мен мажлисларга кам қатнашаман. Мақсад мажлис ўтказишдангина иборат бўлган йиғинлардан ўзимни тортаман.
Аммо яқин кунларда икки мажлисда қатнашиб, вақт қандай ўтганини сезмадим. Завқланиб ўтирдим. Ўзбекистонни севадиган бир ватанпарвар сифатида фахр-у қувончга тўлдим. Гап ватанимизнинг бир бўлаги бўлган Сурхондарёнинг эртаси ҳақида кетди. Президентимиз вилоятда ўттизинчи йилларга қадар амалга ошириладиган режалар ҳақида сўзладилар.
Мажлисда режалар ҳақида шунчаки гапирилмади, балки уни амалга ошириш учун пухта, кўламли ва аниқ тайёргарлик кўрилгани маълум бўлди. Масалан, мана бу тарзда: режа лойиҳаси тайёр, маблағ бор (банк бошлиғи тасдиқлайди, ёхуд жаҳондаги қайси инвестор билан келишилгани айтилади), бу режани амалга оширадиган ташкилот ҳам шай турибди. Ишни қачон бошлаш санаси ҳам аввалдан аниқланган. Мутассадилар яна бир бор мажлис аҳли олдида ахборот берди. Ҳар бир лойиҳада қанча иш жойи яратилиши ҳам очиқланиб борилди. Юзлаб, минглаб...
Ҳар бир режа ҳақида сўз кетганда, шу тартиб амалга оширилди. Бирор бир ишни амалга ошириш орзу сифатида айтилмади. Аксинча, қатъий ишонч билан ахборот берилди.
Бу режаларнинг бир учи хорижга бориб қадалганда эса, онлайн тарзда мажлисда қатнашаётган элчиларимиз чет эллик ҳамкорларнинг ҳозир турганликларини, Ўзбекистондан имо бўлгач, шу заҳотиёқ учиб боришларни маълум қилдилар. Хорижлик ҳамкорлар ҳам ундай-бундай мамлакатлардан эмас – Хитойдан тортиб, Жанубий Африка Республикасигача!
Шавкат Миромонович ҳеч нарсани унутмади. Президент бугун нима ишларни бажариш лозимлигини, эртага нимани амалга ошириш кераклигини ички – онг орти туйғу билан ҳис қилишини шундоқ сезиб турдим.
Катта-ю кичик муаммоларнинг ечимини топишда бир хил масъулият билан ёндашишларига, баъзан бадиҳаларга ҳам гувоҳ бўлдим.
Мажлисдан аввал бойсунлик – кураш бўйича биринчи жаҳон чемпиони Тоштемир полвон Тўрабоев билан унинг ёш курашчилар учун очилган интернат-мактаби ҳақида суҳбатлашган эдик. Мажлис сўнгида президент ана шу полвонга мурожаат қилиб қолди.
– Сенинг интернатингнинг мактаби йўғ-а?
– Йўқ, – деди полвон.
– Болалар қаерга ўқишга боради?
– Шу атрофдаги қишлоқлардаги мактабларга.
Шавкат Миромонович кўзлари билан залдан керакли одамни излаб топди:
– Пулинг бор-а?
“Ҳа”, деб, ўрнидан қўзғалди “керакли одам”.
– Шу полвоннинг интернатига мактаб қуриб бероласанми?
“Керакли одам” жон деб рози бўлди.
– Бир сентябргача тайёр бўлсин...
Завқланганимдан, секингина бўлса-да “во-я” деб юбордим. Ахир Шавкат Миромоновичнинг елкасида ўттиз тўққиз миллион халқнинг ташвиши! Мамлакатда эҳҳе, қанча мактаб бор! Энди келиб-келиб президент Тоштемир полвоннинг мактаб-интернати муаммосини эслаб ўтирса!..
Йиғинда менга ҳам сўз берилди ва мен бу мажлисни “сурхондарёликлар учун байрам” деб атадим. Чунки тушунишимча, Ватан деган муҳташам иморат ривожи учун қўйилган биргина ҳар ғишт байрам. Бугун эса қанчадан қанча ғиштлар қўйилди!
Мен бу мажлисдаги амалга ошириладиган ҳар бир режа юрт хазинаси қанчалар бойиши, одамлар дастурхонига қанчалар файз-у барокат кириши ҳақидаги рақамларни эслаб ўтирмайман. Чунки улар матбуотда етарлича ёритилди.
Аммо бир қутлуғ хабарни айтмасам бўлмайди.
Йигирма олтинчи апрелда Бойсунга борадиган бўлдим.
Термиздан келадиган йўл манзилга олти-етти километр қолганда, юқоридаги мажлисда тилга олинган – бир неча йиллардан буён қурилиши давом этаётган Дарбанд-Денов трассасига қўшилади. Биз бўлажак трассага тушдик. Пишиқ қилиб ишланган бетон йўл. Ғизиллаб кетяпмиз. Фақат икки жойда гавараси кўтарилиб, қурилиши ниҳоясига етмаган кўприкларни айланиб ўтдик холос. Ичимда бир-икки ойда битиб қолар, деб ўйладим.
Тўрт кундан кейин, “Бойсун баҳори” байрамига қатнашиш учун шу йўлдан яна ўтишга тўғри келди. Бу сафар машинамиз тайёр бўлган кўприклар устидан ғизиллаб ўтиб кетди! Ҳа, тайёр бўлган кўприклар устидан! Орадан фақат тўрт кун ўтиб!.. Яна руҳимни қувонч сели босди! Қойил! Ва Термиздаги мажлисда айтилган барча режалар ўз муддатида бажарилишига имон келтирдим.
Президентимиз йиғин сўнгида шу тахлит режалар билан ҳар вилоятга ва Қорақалпоқ республикасига борилишини таъкидлаб ўтдилар! Яна мамлакат келажагини яратиш йўлида ёппа, жадал ҳаракат! Бир зум бўшашмайдиган, эл дастурхонига баракат берадиган режалар. Бу режаларнинг асосчиси Шавкат Миромонович ҳам бир зум тиним билмайдиган, мудом халқ манфаати учун куйиб-ёнадиган инсон! Эзгу ниятларига фаришталар омин дейди! Парвардигор раҳмат эшигини очади.!
Мен яқин келажакда юртимиз дунёдаги энг илғор мамлакатлар қаторидан ўрин олишига ишонаман. Бу ишончимга қўшилмайдиганлар бўлса, Жаҳон банкининг Ўзбекистонни ривожланиш суръати ҳақидаги рақамларига мурожаат этсин. Банк 2026 йилда мамлакатимиз ялпи ишлаб чиқариши суръатини 7,7 фоиз этиб прогноз беряпти. Хорижлик мутухассисларнинг фикрича, ўн-ўн икки йилдан кейин Ўзбекистоннинг ялпи ишлаб чиқариши триллион доллардан ошар экан! Триллион! Булар осмондан олинган эмас, аниқ фактлар таҳлили асосида юзага келган рақамлар! Кўз тегмасин!
Узр, хорижлик мутахассисларни ҳам хижолат этиб қўйяпмиз? Юқоридаги рақамларни ёзгандан кейин – ҳозиргина ўқиб қолдим: ўсишимиз суръати уларнинг тахминидан жуда юқори – 8,7 фоиздан зиёдроқ экан!
Дунёнинг улуғ донишмандлари инсониятни тутиб турган қадриятлар ҳақида охир-оқибат ягона хулосага келганлар. Инсонлар, халқлар, давлатлар ўртасидаги муносабатларга ўзи ҳам аралашиб, не-не ғавғоларни бошидан ўтказган Алишер Навоий бир кун мана бундай сатрларни битиб қолганлар:
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлинг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш.
Бу байт маъносини барча англаб турган бўлса ҳам, майли, шарҳлаб қўяй: “Дунё одамлари, деяпти шоир, билиб қўйинг, душманлик яхши иш эмас. Бир-бирингиз билан дўст бўлинг, инсонга фақат дўстлик ярашади”.
Шавкат Миромонович, назаримда, ҳали президентлик лавозимига сайланмасдан олдин ҳам “душманлиғ иш эмас” эмас эканини чуқур тушунган. Марказий Осиёдаги қондош-жондош мамлакатлар ўртасида авж олган нохушликларни юраги ачишиб кузатган. У киши бошқарган Вазирлар Маҳкамасининг вазифаси хўжалик юриш бўлгани учун ҳам, қўшнилар билан муносабатимиз ёмонлиги туфайли ривожланиш имиллаётганини ҳам теран ҳис қилганлар. Энг муҳими, бу ғалвалардан одамлар ҳам азобланаётганини ўз кўзи билан кўрган.
Албатта, шундай бўлган! Шу сабабдан, Шавкат Миромонович мамлакат бошқаруви жиловини ўз қўлига олгач, бир зум тин олмай, аввало қўшнилар билан қардошлик-қариндошлик ришталарини тиклай бошлади. Бу иш қанча оғир-енгил кечгани фақат шу шу эзгу ниятли одамнинг ўзига маълум. Аммо натижа қутлуғ – қўшни мамлакатларга йўлимиз тушса, Ўзбекистоннинг бир фуқароси сифатида биз ҳам иззат-ҳурмат кўряпмиз.
Сурхондарё вилояти учта мамлакат билан чегарадош. Шўролар даврида масалан, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида чегара бор-йўқлиги эсимизга ҳам тушмасди. Термиз ёпиқ шаҳар бўлгани учун Душанбага ҳам учиб бориб, Сурхонга ўтиб кетаверардик. Баъзилар каттароқ бозор-ўчарини Душанбага бориб қиларди... Аммо мустақилликдан кейин бир муддат ўтгач, ҳамма ўзига хон, ўзига бек бўлиб олди. Чегарадан ўтиш ушалмас бир орзуга айланди!
Ҳозир тарихга айланган бош оғриқ бу кунлардан бир шингил воқеани куни кеча ҳикоя қилиб беришди. Сариосиёда яшайдиган бир кекса аёлнинг Регардаги синглиси вафот этганда, жигарининг қабрини зиёрат этиш учун саккиз йил уриниб, чегарадан ўтолмаган экан. Регар билан Саросиёнинг ораси, ҳа борингки, ярим соатлик йўл!
Икки мамлакат ўртасида дўстлик-биродарлик муносабатлари ўрнатилгач, қариндошлар бу узоқ айрилиқдан сўнг йиғлаб-сиқтаб юз кўришдилар. Душанбедан шувиллаб машиналар Сурхондарёга келадиган, уч-тўрт сариосиёлик дўстлар “Душанбени бир айланиб келайлик”, деб йўлга чиқадиган бўлди. Бир қадам йўл! Эрталаб бориб, кечқурун қайтиб келасан!
Тожикистоннинг тирикчилигини бизнинг мамлакатимизсиз тасаввур этиш қийин. Уларнинг бошқа ҳудудлар, қўйингки, жаҳон билан боғловчи асосий йўллар бизнинг юртимиз орқали ўтади! Энди бундай имкониятларга эга бўлган тожик халқининг хуррамлиги нечоғлик бўлганини тасаввур этинг!
Шу сабабдан, Шавкат Миромонович бу қўшниларимиз юртига ташриф буюрганда, Имомали Раҳмон саҳнадан туриб, ҳазил аралаш жуда зўр лутф этган эди: “Булар, – деди у зални тўлдириб ўтирган тожик халқи вакилларига ишора этиб, – сизни мендан ҳам ортиқ яхши кўради!” Мана, ҳурмат! Мана, қардошлик!
Биз президентимизнинг бу ташрифидан сўнг бир неча пайтлар ўтгач, беш-олти ёзувчи жам бўлиб, Душанбега бордик. Мақсадимиз Бойсунда туғилган дўстимиз, Тожикистон халқ ёзувчиси Саттор Турсун вафоти муносабати билан Душанбедаги яқинларига ҳамдардлик билдириш эди. Ёз кунлари. Эгнимизда жинси-ю майка... Аэропортда эса бизни ўн-ўн беш чоғлик – оппоқ кўйлак, қора костюм-шим кийган тожик дўстларимиз кутиб олишди. Эртаси куни кутилмаганда Тожикистон Ёзувчилар уюшмасида қардош адабиётларимиз алоқалари ҳақида конференция ўтказди. Яна ҳамма ўша расмий кийимда. Кўчада эса ёз... Биродарлар, бу тарзда мажлиснинг номини иззат-икром дейдилар! Ўзбекларга бўлган иззат-икром!
Бизни Сурхондарёга олиб кетгани юртимиздан оғайнилар келишди. Мен йўлда қандай кетсак бўлади, автомобилларни ҳайдовчилар қайси тезликда ҳайдаса маъқул; милиция тўхтатса, қандай муомила қилиш керак, деб сўраб қолдим? Ҳар ҳолда машиналаримиз рақамлари Ўзбекистонники-да! Тожик дўстларнинг жавоби мени ҳайрон қолдирди!
– Ҳар қандай тезликда ҳайдайверинглар! Милиция тўхтатмайди! Президентимиз “ўзбеклар менинг меҳмоним – уларга ҳеч ким тегинмасин”, деб юқори минбардан айтган!
Қалай?
Бу гаплар ўзбек халқига бўлган ҳурматнинг энг чўққиси эди.
Икки халқ ўртасидаги бу иззат-ҳурматнинг қайтиши, янада юқори даражага кўтарилиши Шавкат Миромоновичнинг жонкуярлиги, самимий – дипломатик маҳорати ва инсоний фазилатлари билан боғлик эди.
Яқинда атоқли ўзбек шоири Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллигини нишонлаш учун Ўш шаҳрига бир гуруҳ ижодкорлар билан йўлга чиқдик. Илгари ҳам Ўш сафарида бўлганман. Чегара машмашаларини ўйлаб, кўнглим хижил бўлиб бораётгандим. Аммо безовталикка ўрин йўқ экан. Ўзбекистон фуқаролигига оид ҳужжатларимизни кўрсатиб, бемалол ўтиб кетавердик. Қирғизлар ҳам юртимизга шундай кириб келяпти.
Бу бемалолликни яратган, икки халқ ўртасида ишонч ва ҳақиқий дўстликни қайта барпо этган инсонларни алқадик. Ахир бу икки қўшни халқ ўртасида нималар ўтмаган эди!
Шавкат Раҳмоннинг юбилейига бағишланган ижодий кеча ниҳоятда баланд савияда ўтди. Мажлисда Қирғистон ҳукуматининг бош котиби, нуфузли “Турксой” ташкилотининг бошлиғи, Ўш шаҳрининг ҳокими қатнашдилар ва нутқ сўзладилар. Шавкат ўқиган мактабга ва шаҳарнинг катта кўчаларидан бирига унинг номи берилди.
Албатта, бу катта шоир бундай эҳтиромга арзийди. Шубҳа йўқ. Аммо барибир бу самимй эҳтиромнинг асоси Шавкат Миромонович эканини ҳам ҳар дақиқада ҳис қилиб турдик.
Камина Қозоғистон сафарида бўлганимда, дўстларнинг худди шундай меҳрига дуч келдим. Бир эмас, бир неча мукофотлар билан тақдирландим. Ҳатто бир хориж мамлакатининг адабий мукофоти ҳам қозоқ дўстларимизнинг тавсияси билан менга топширилди. Агар муносабатларимиз аввалдагидай ғаразли кечганда, шундай ҳол рўй берар эдими?
Марказий Осиё халқлари ўртасидаги бу иттифоқчиликнинг, бағрикенгликнинг ва меҳру муҳаббатнинг бош меъмори Шавкат Миромонович эканини ҳозир барча кўриб турибди. Хорижликлар ҳам бу минтақани ривожланиш сари бошлаб борадиган куч сифатида Ўзбекистонга қарамоқдалар.
Мен, асосан, азалий яқин қўшниларимиз билан муносабатлар ҳақида ёздим. Ҳар кун ўзгараётган бу чигал дунёдаги бошқа мамлакатлар билан муносабатларимиз ҳам айтарга арзигулик эканини таъкидлаб ўтмоқчиман. Масалан, ўзича яшашни хуш кўрадиган Афғонистон билан ҳам етарли даражада алоқалар ўрнатганмиз. Ахир бу мамлакат орқали океанларга чиқиш орзумиз бор!.. Ҳозир шундоқ Амударёдаги кўприкдан ўтиб, ўзбек тупроғига қадам қўйилган жойда “Ўзбекитон–Афғонистон чегара олди савдо зонаси” бунёд этилган. Қатор-қатор дўконлар, меҳмонхоналар, ошхоналар... Савдо-сотиқ авжида. Зона тўлиб-тошиб кетяпти. Президентимиз бу зонага яна қўшича ерлар ажратиш ҳақида топшириқ бердилар.
Албатта, бу ён қўшниларимиз ҳам Ўзбекистон раҳбари шаънига илиқ сўзлар айтганлари-айтган...
Дунёда ҳақиқий обрўга эга бўлиш осон иш эмас. Бу рутбага истеъдодли, ўзини аямай меҳнат қиладиган, фаросатли, бошқаларнинг ҳам манфаатини ҳурмат этадиган; ўз мамлакатини ҳам жонидан яхши кўрадиган сиёсий арбобларгина сазовор бўладилар.
Мана шундай обрўга эга бўлганлардан бири эса бизнинг президентимиз – Шавкат Миромонович! Ҳа, ўзимизнинг президент!
Мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришларнинг оқими жуда катта. Уларнинг ҳаммаси “мен ўзбекман!” деганларни қувонтиради.
Масалан, кейинги ойлардагина рўй берган бир қатор янгиликлар ҳали-ҳануз мени ҳайратга солиб келяпти.
Агар икки-уч йил аввал барчамизнинг жонимизга теккан шу пахтадан биров саксон-тўқсон центердан ҳосил олинади деса, камина “қўйсанг-чи”, деб кулиши аниқ эди. Аммо худди шундай бўлди! Яна қаерда денг? Сирдарё вилоятида! Бу вилоятда талабалигимда пахта терганман. Ўртача йигирмадан ҳосил олинса, дўппи осмонга отиларди! Энди эса!.. Одам ишонмайди. Ҳатто деҳқонларнинг ўзлари ҳам чаноқлари бошдан оёқ очилган пахтазорга қараб, ҳайрат билан гапиришганига гувоҳ бўлганман. Хориждан уруғлик кетирилдими? Келтирилди. Аммо ўзимиз ҳам қараб турганимиз йўқ. “Порлоқ” навли ғўзамиз хорижий навлардан ортиқ бўлса ортиғ-у, кам эмас!
Бир жумла билан билан айтилганда, пахтачиликда инқилоб рўй берди!
Яна ҳайратланарли бир воқеа.
Олмалиқда 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди. Бу сира фабрикалар қурилиб, ишга туширилиш жараёни бутун жаҳонда ўн йилга чўзилар экан. Бизда эса тўрт йилда (ҳа, тўрт йилда!) амалга оширилди. Бу муддатга ҳатто ўзимизнинг энг катта мутахассислар ҳам, америкалик ҳамкор ҳам ишонқирамаган экан. Мана шу америкалик энди бутун жаҳонни Ўзбекистоннинг бу тезкор тажрибасини ўрганишга чақирди.
Яна бир ҳайрат. Фақат мен эмас, ҳали ўзбекларнинг неча-неча авлоди ғурурланадиган мўъжизанинг – Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши. Бу марказ ажиб дид билан қурилган кошона. Деворларида қўл билан ишланган нақшлар, бутун дунёдан йиғиб келинган – илгари ўзимиздан олиб чиқиб кетилган ноёб экспонатлар, Усмон қуръони, қадимий қўлёзмалар... Уларни намойиш этиш учун энг замонавий технологияларни қўлланиши...
Шавкат Миромонович бу мараказнинг қурилиши ҳақида бир қизиқ тушунтириш бердилар: “бу марказни қурилишида шошмадик. Саккиз йилда охирига етказдик...”
Бу изоҳ менга жуда ёқди. Чунки бир иморат эмас, санъат асари қурилаётган эди! Санъат асари яратилишига худди шундай сабр-тоқат билан ёндошилади! Президентимиз мана шу нозикликни англаганлар!
Хуллас, асрларга татигулик иншоот дунёга келган.
Мен интернетда бу мўъжизани томоша қилиш учун бораётган икки кишининг суҳбатни эшитдим.
– Сен, – деди уларнинг бири, иморат бор бўйича кўрингач, – “Тожимаҳал”ни ҳам кўргансан. Қайси зўр?..
– Бу зўр-ов, – деди ҳамроҳи, бинога бир қур назар ташлаб. Сўнг ишонч билан бир қарорга келди: – бу зўр!
Тамом вассалом! Бу зўр!
Бундай яратувчиликлар ҳақида ёзаверсам, адо бўлмайди шекилли.
Бугун интернетни очдим. Мана, тилга олинган янгиликлар: Тошкент вилояти марказидан Бекободдан айлантирилиб, Янгиерга борадиган янги 111 км янги темирйўл қурилиши, Самарқандга борадиган янги тезкор йўл, тупроқ ишлари кетаётган Тошкентдаги янги аэропортдаги асосий ишларнинг бошланиши...
Назаримда, ҳайратларимнинг энди чеки бўлмайди.
Сўнгсўз ўрнида
Спорт ишқибозиман. Ишқибозлигимни биладиган Хайрулла деган журналист укам – тўқсонинчи йилларнинг охирда бўлса керак – футбол газеталаридан бирига интервю олиб қолди.
– Мана, Япония футбол жамоаси жаҳон чемпионати финалига йўлланма олди, – деб қолди у. – Биз қачон жаҳон чемпионатига чиқамиз?
– Энди, – дедим мен атрофимдаги воқеликларни бир зум кўз олдимга келтириб, – мамлакатимизни Японияга менгзаб ривожланишни кутамиз-да, укам.
Орзумизга эришдик. Футболчиларимиз финал йўлланмасини қўлга киритди. Демак... Японияга менгзаб кетяпмизми? Шунга жуда ўхшайди. Ҳар ҳолда ривожланишимиз суръати “Кунчиқар юрт”никидан анчагина баланд.
Ишончим комил, шундай бўлади!
Чунки ватанимизнинг бугунини ва эртасини яратишга ватанпарвар, халқпарвар, ишбилармон ва адолатли инсон бел боғлаган!
Май ойи 2026

