Президентнинг “Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–77-сон Фармонига (05.05.2026 й.) мувофиқ, соҳа бошқарув тизимини такомиллаштириш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган қатор янгиликлар жорий этилади.
Фармонга асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида янги тузилмалар ташкил этилиши белгиланди.
Хусусан, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти негизида Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Шунингдек, Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Контент медиамаркази ўз фаолиятини бошлайди.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш мақсадида аутсорсинг асосида Call-марказ ва қайта алоқа (Feedback) тизими жорий этилади. Ушбу тизимлар орқали мурожаатлар, шикоят ва таклифлар тезкор кўриб чиқилиши ҳамда тиббий хизматлар сифати бўйича мунтазам таҳлил юритилиши таъминланади.
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан тиббиёт ассоциацияларига бир қатор янги ваколатлар берилади. Унга кўра, улар тиббий хизмат стандартларини ишлаб чиқиш ва муҳокамаларда иштирок этиш, тиббиёт муассасаларида хизмат сифатини баҳолаш жараёнларида қатнашиш, шунингдек, тиббиёт ходимларини сертификатлаш ва малакасини баҳолашда мустақил эксперт сифатида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

