Солиқ органлари томонидан савдо фаолияти билан шуғулланувчи айрим хўжалик юритувчи субъектларда савдо амалиётлари P2P — пластик картадан пластик картага пул ўтказмалари орқали амалга оширилаётган ҳолатлар таҳлил қилинмоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, солиқ органлари томонидан юридик шахсларда фаолият юритувчи раҳбар ходимларнинг банк пластик карталарига келиб тушган маблағлар юзасидан таҳлилий ўрганишлар олиб борилмоқда. Аниқланган ҳолатлар асосида солиқ ҳисоботларида акс эттирилмаган даромадлар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ҳамда солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилмоқда.
“Бу жараён жазолаш ёки босим ўтказиш эмас, балки иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин айланмаларни қисқартириш ва ҳалол меҳнат қилиб, қонун доирасида иш юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Чунки ҳар бир тўланган солиқ — бу мамлакат тараққиёти, янги йўллар, мактаблар, шифохоналар ва халқ фаровонлиги учун қўйилган ҳиссадир”, дейилади қўмита хабарида.
Шунингдек, солиқ органлари барча тадбиркорлик субъектларини амалдаги қонунчиликка қатъий риоя қилишга, савдо тушумларини тўлиқ расмийлаштиришга ва солиқ ҳисоботларида ҳаққоний акс эттиришга чақирди.

