Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек улар ҳамда оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Ҳужжатда ҳарбий хизматчиларни моддий таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, мажбурий давлат суғуртаси, пенсия таъминоти ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида жароҳат олиш ёки ҳалок бўлиш ҳолатларида компенсация тўловлари кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, хизматдан бўшатилган ва камида 20 йил хизмат қилган ҳарбийлар учун санаторий-курорт муассасаларига 75 фоизлик имтиёз асосида йўлланма бериш тартиби жорий этилиши режалаштирилган.
Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчиларга йилига бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача моддий ёрдам тўлаш имконияти ҳам назарда тутилган. Ҳозирги БҲМ миқдоридан келиб чиқилса, бу 41,2 миллион сўмгача маблағни ташкил этади.
Мажлисда, шунингдек, «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Унда сафарбарлик даврида чақирилган фуқаролар учун иш жойини сақлаб қолиш, кредит тўловларини кечиктириш ва етказилган зарарларни компенсация қилиш каби ижтимоий кафолатлар назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳалари депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

