Марказий банк тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига банкоматлар иши сифатини ошириш бўйича кўрсатма ва тавсиялар юборди, деб хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.
Бунга банкоматлар томонидан маблағлар ечиб олингани ҳолда нақд пул берилмаслиги, картани ушлаб қолиши ёки муваффақиятсиз амалиёт учун комиссия ундирилиши каби ҳолатлар сабаб бўлган.
Марказий банк бундай ҳолатларни «иккинчи даражали техник инцидент» деб эмас, балки истеъмолчиларнинг мулкий манфаатларига бевосита таъсир кўрсатувчи масала сифатида кўриб чиқилиши кераклигини қайд этди.
«Мижоз картаси банкоматда қолиб кетганлиги юзасидан банкка ёки тўлов ташкилотига қилган мурожаатларининг ҳолати ҳақида мижозни ўз вақтида хабардор қилмаслик ҳамда мазкур масала бўйича банк, тўлов ташкилоти ва жараённинг бошқа иштирокчилари ўртасида масъулиятни биридан бошқасига ўтказиб юбориш каби карта эгаларига нисбатан адолатсиз муносабат шаклланмоқда», — дейилади баёнотда.
Марказий банк банклар ва тўлов ташкилотларига банкомат билан боғлиқ муаммолар юзага келганда мижоз нима қилиши кераклиги ҳақида тушунарли йўриқнома эълон қилишни, комиссиялар тўғрисидаги маълумотларни олдиндан ошкор этишни ҳамда қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тушунтиришни тавсия қилди.
Нақд пул берилмаслиги ёки картанинг ушлаб қолиниши ҳолатлари мижознинг мулкий манфаатларига дахл қилувчи устувор мурожаатлар сифатида кўриб чиқилиши керак. Мурожаат қабул қилинаётганда мижозга идентификация рақами ва кўриб чиқиш муддати кўрсатилган тасдиқнома тақдим этилиши лозим.
Агар муаммони ички маълумотлар — журналлар, видеоёзувлар, инкассация далолатномалари ва бошқа манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлса, мижозни банк офисига қайта чақирмаслик ёки турли бўлинмалар ва ташкилотлар ўртасида сарсон қилмаслик керак.
Марказий банк, шунингдек, мурожаат қайси канал орқали келиб тушишидан қатъи назар — колл-марказ, мобил илова, сайт ёки филиал бўлишидан қатъи назар — ахборот бериш сифатининг бир хиллигини таъминлашга чақирди.
Регулятор алоҳида равишда «мурожаатни кўриб чиқиш» моделидан «кафолатланган натижа» моделига ўтишни тавсия қилди, бунда мижознинг ўз пулларидан қайта фойдалана олиш вақти асосий кўрсаткич бўлиши лозим. Тўлов тизимлари томонидан тасдиқланган хатоликлар бўйича маблағларни проактив тарзда — мижознинг алоҳида мурожаатисиз қайтариш таклиф этилмоқда.
Банкларга, шунингдек, тегишли тартибда бажарилмаган амалиётлар учун ундирилган комиссияларни автоматик равишда ёки асосий сумма билан бир вақтда қайтариш тавсия этилди.
Бундан ташқари, Марказий банк муваффақиятсиз амалиётларни тезкор қайта ишлаш учун технологик ечимларни жорий этишга, инсон омили таъсирини камайтиришга, носозликлар сабабларини таҳлил қилишга ҳамда банкоматларнинг созлигини (жумладан, алоқа, электр таъминоти ва UPS тизимларини) таъминлашга чақирди. Шунингдек, эскирган ускуналарни алмаштириш ҳамда кўчада жойлашган ёки кўплаб шикоятларга сабаб бўлаётган қурилмаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
«Банкоматлар инфратузилмасини янада ривожлантириш нафақат сон жиҳатдан ўсишда, балки хизмат кўрсатиш стандартларининг сифатида ҳам акс этиши керак. Техник носозлик юзага келганда, тизим истеъмолчини муаммо билан ёлғиз қолдирмаслиги, балки уни тушунарли ва адолатли тарзда ҳал қилиши шарт», — дея таъкидлади Марказий банк.
1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 44,8 мингта банкомат ва инфокиоск ўрнатилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (33,65 мингта) 33,1 фоизга кўп.

