Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини амалиётга жорий этди.
Хабарга кўра, Туркистон шаҳрида ёғингарчилик миқдорини сунъий равишда оширишга қаратилган лойиҳа расман ишга туширилган. Лойиҳа мамлакат жанубидаги қурғоқчилик ва сув танқислиги оқибатларини юмшатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳудудларини сув билан барқарор таъминлашни кўзда тутади. Технология умумий майдони 911 минг гектардан ортиқ экин ерларини қамраб олиши режалаштирилган.
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари ва Сунъий интеллект ҳамда рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев лойиҳа халқаро ҳамкорлик ва замонавий рақамли технологиялар асосида амалга оширилаётганини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, ташаббус маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва илғор технологияларни мамлакатга жалб қилиш учун ҳам муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Қайд этилишича, сунъий ёмғир лойиҳаси БАА Миллий метеорология маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ушбу марказ 1980 йиллардан буён иқлимни модификация қилиш ва сунъий ёғингарчилик ҳосил қилиш йўналишида фаолият юритади.
Қозоғистон расмийлари лойиҳа сув омборларидаги сув ҳажмини ошириш ва жанубий ҳудудларда сув ресурслари тақчиллигини камайтиришга ёрдам беришини таъкидламоқда.

