АҚШдаги Жорж Мэйсон университети профессори, биология фанлари доктори Анча Баранова хантавирус нафақат Жанубий Америка мамлакатларида, балки Россия ҳудудида ҳам узоқ йиллардан бери учраб келишини маълум қилди.
Бу ҳақда тиббиёт фанлари докторининг сўзларига таяниб, хориж ОАВлари хабар бермоқда.
Мазкур мавзу Антарктида томон йўл олган Нидерландиянинг «MV Hondius» круиз лайнерида хантавирус тарқалиб, 3 нафар йўловчи вафот этганидан кейин яна жамоатчилик эътиборига тушди.
Профессор Баранованинг тушунтиришича, хантавируснинг бир нечта тури мавжуд бўлиб, уларнинг орасида Россиянинг Европа қисмида тарқалган «Сочи» штамми энг хавфлиларидан бири ҳисобланади. Айрим ҳолатларда ушбу штамм келтириб чиқарадиган ўлим кўрсаткичи 14 фоизгача етиши мумкин.
«Пуумала», «Добрава-Белград», «Сеул» ва «Сочи» каби вирус турлари асосан турли хил кемирувчилар орқали тарқалади. Европа ҳудудидаги хантавируслар асосан ўпкага эмас, балки буйракларга жиддий зарар етказиши билан хавфлидир.
Одамлар кўпинча қиш мавсумидан кейин илк бор ёпиқ қолган дача ёки омборхоналарни тозалаш вақтида вирусни юқтириб олишади. Бунга кемирувчилар қолдирган чиқиндиларнинг чанг билан ҳавога кўтарилиши ва инсон ундан нафас олиши сабаб бўлади.
Шу туфайли мутахассис аҳолига қуйидаги эҳтиёт чораларини тавсия қилди:
Ёпиқ хоналарни тозалашдан аввал уларни яхшилаб шамоллатиш;
Тозалаш ишлари давомида чанг кўтарилишининг олдини олиш;
Албатта респиратор (ниқоб) тақиб ишлаш.
Профессор хантавируснинг коронавирус каби глобал пандемияга айланиш эҳтимоли жуда пастлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, вирус асосан кемирувчидан инсонга ўтади, одамдан одамга юқиши эса жуда камёб, чекланган ҳолатлардагина кузатилади.
Шунингдек, эксперт «Сочи» вируси номи Сочи шаҳрининг ўзи хавфли дегани эмаслигини, асосий хавф фақатгина кемирувчилар яшайдиган ёввойи ҳудудларда мавжудлигини қўшимча қилди.

