Бугун, 20 май куни Ҳилтон меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармасининг (UzNIF) IPO жараёнлари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда UzNIF IPO’си, жойлаштириш натижалари ҳамда Ўзбекистон капитал бозори ривожланишига оид масалалар муҳокама қилинди.
Анжуманда IPO орқали акция сотиб олган оддий фуқаролар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилиниши ҳақидаги саволга Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев жавоб берди.
Унинг таъкидлашича, Тошкент фонд биржасида бўлиб ўтган IPO жараёнларида жисмоний шахслар фаол иштирок этган. Шунингдек, инвесторлар орасида норезидентлар ҳам кўпчиликни ташкил қилган.

«Тошкент фонд биржасида бўлиб ўтган IPO'da ҳам қизиқиш баланд бўлди. Кўплаб жисмоний шахслар қизиқиш билдирди. Эътиборли жиҳати, уларнинг орасида норезидент бўлганлари ҳам кўпчиликни ташкил этди. Бу аввало Ўзбекистонга бўлган ишончни кўрсатади.
Бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Шунингдек, акция сотиб олган жисмоний шахсларнинг ҳам ҳуқуқлари, албатта, давлат томонидан ҳимоя қилинади. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан қонунчилик лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», деди Хуршид Мустафоев.

Матбуот анжуманида ҳукуматнинг келгуси IPO режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Режага кўра, жамғарма портфелидаги олтита компания 2028 йил охирига қадар якка тартибда IPO ўтказиши кутилмоқда.
Хуршид Мустафоевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси улушига эга компаниялар IPO’си «Franklin Templeton» билан ҳамкорликда ташкил этилади. Жамғарма портфелига кирмаган компаниялар эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда трансформация жараёнларини амалга ошириб, IPO’га чиқиши режалаштирилган.

