Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги айрим чегара ўтиш пунктлари ёзги туристик мавсум муносабати билан кечаю кундуз ишлайдиган тартибга ўтказилди.
Маълум қилинишича, 20 майдан бошлаб Қирғизистоннинг Боткен вилоятида жойлашган “Қадамжай”, “Чечме” ва “Оқ-қия” чегара назорат постлари 24 соатлик режимда фаолият юритмоқда.
Қирғизистон Давлат чегара хизматига кўра, мазкур қарор ёз ойларида кутилаётган йўловчилар оқимини енгиллаштириш, фуқаролар учун қулайлик яратиш ва чегарадаги тирбандликларни камайтириш мақсадида қабул қилинган.
Янги тартиб фақат Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун амал қилади. Учинчи давлат фуқаролари эса аввалги тартибда халқаро чегара пунктлари орқали ҳаракатланишда давом этади.
Маълумотларга кўра, ушбу мавсумий тартиб 2026 йил 1 октябрга қадар амал қилади. Шунингдек, фуқароларга сафар олдидан барча зарур ҳужжатларни тайёрлаб қўйиш тавсия этилган.

