Ўзбекистон Эронга навбатдаги гуманитар ёрдам партиясини юборди, дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
15 та юк машинасида жўнатилган гуманитар юк таркибидан дори-дармонлар ҳамда тиббий буюмлар ўрин олган. Гуманитар ёрдам «Артык – Лютфобод» назорат-ўтказиш пункти орқали Эрон томонига топширилди.
Тадбирда Равшан Алимов, Али Можтаба Розбехани, Можтаба Базмара, шунингдек, Эрон ТИВининг Хуросон-Разавий вилоятидаги вакили Ҳайдари Фард ҳамда божхона, тиббиёт ва гуманитар ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Эрон томони мамлакат президенти ва Ўзбекистон халқига ушбу мураккаб даврда кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида таъкидланишича, мазкур гуманитар ташаббус икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлашнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.





