Шавкат Мирзиёев “Сифатли давлат бошқаруви” форумида иштирок этиб, давлат идоралари фаолиятини баҳолашда асосий мезон натижадорлик бўлишини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бундан буён вазирлик ва идоралар иши “жараён учун” эмас, “натижа учун” тамойили асосида баҳоланади. Шунингдек, аҳоли олдидаги масъулиятни ошириш ва давлат органлари фаолиятини холис баҳолаш тизими доимий эътибор марказида бўлиши қайд этилди.
Форумда Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорлик ва уларнинг давлат бошқарувидаги илғор тажрибаси ҳам юқори баҳоланди. Президентнинг таъкидлашича, БААнинг замонавий бошқарув моделлари Ўзбекистондаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Маълум қилинишича, “Сифатли давлат бошқаруви” дастури давлат идоралари фаолиятини холис баҳолаш, уларнинг кучли ва заиф жиҳатларини аниқлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг январь–апрель ойларида дастур доирасида 40 та республика идораси ва уларнинг ходимлари хорижлик ҳамда маҳаллий экспертлар иштирокида баҳолашдан ўтказилган.

