Хитойнинг шимолида жойлашган Шанси вилоятидаги кўмир конида юз берган кучли портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 82 нафарга етди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.
Аввалроқ фожиа қурбонлари сони 50 нафардан ошгани айтилган эди. Кейинчалик қутқарувчилар вайроналар орасидан яна бир нечта жасадни олиб чиққан.
Маълум қилинишича, портлаш Циньюань ҳудудидаги “Люшэньюй” кўмир конида жума куни маҳаллий вақт билан соат 19:29-да содир бўлган. Ўша пайтда ер остида 247 нафар кончи бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага кон ичида тўпланган газ портлаши сабаб бўлган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Мутахассислар ҳалокатнинг аниқ сабабларини ўрганяпти.
Шунингдек, Хунань вилоятидаги пиротехника заводида содир бўлган яна бир портлаш қурбонлари сони ҳам 21 нафарга етгани хабар қилинди. Турли даражада тан жароҳати олганлар сони 61 нафарни ташкил этмоқда.
Маълумотларга кўра, Люян шаҳридаги ҳодиса жойида бешта қутқарув гуруҳи иш олиб бормоқда. Оқибатларни бартараф этиш учун жами 482 нафар мутахассис жалб қилинган.

