Давлат раҳбарининг ҳар йили 25 май санасида мактабни битираётган ўғил-қизларга йўллайдиган табриги 2021 йилдан буён эзгу ва мустаҳкам анъанага айланди. Бу анъана ортида ёшларга бўлган юксак эътибор, уларнинг орзу-интилишларига ишонч ва келажакка дахлдорлик ҳисси мужассам.
Жаҳон тажрибасига назар ташланса, давлат раҳбарининг бевосита мактаб битирувчиларига қаратилган, ҳар бир ёшнинг қалбига етиб борадиган бундай самимий, батафсил ва илҳомлантирувчи мурожаати камдан-кам мамлакатлар сиёсий маданиятида учрайди. Шу жиҳатдан, ушбу табрик нафақат расмий мурожаат, балки ёш авлод билан очиқ ва ишончли мулоқот намунаси сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз табригида муҳим бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлади: бугун чекка қишлоқдаги оддий мактабни битираётган ўқувчи ҳам эртага дунё тан оладиган олим ёки ихтирочи бўлиши мумкин. Бугун китоб ўқиётган бир қизалоқ эса эртага юрт тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмли фарзандларни тарбиялайди.
Бу фикрлар замирида бир муҳим ғоя мужассам — Янги Ўзбекистонда ҳар бир ёш учун имконият эшиклари очилмоқда, инсон қадри ва билим эса энг устувор қадриятга айланмоқда.
Шубҳасиз, бугунги табрик мустақил ҳаётга қадам қўяётган минглаб йигит-қизлар учун катта мотивация, эртанги кунга ишонч ва янги марралар сари руҳий таянч бўлиб хизмат қилади.

