Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида Россия-Украина урушида қатнашган Ўзбекистон фуқаросига суд ҳукми ўқилди. У 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Маълум бўлишича, муқаддам уч марта судланган С.Ж. пул топиш мақсадида Россияга кетган. 2023-йил февралида Новосибирск шаҳрига бориб, кунлик ишлар ва таксичилик билан шуғулланган.
Судланувчининг кўрсатмасига кўра, 2023-йил декабрида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уни тўхтатиб, полиция бўлимига олиб борган. У ерда унга нисбатан турли айбловлар билан босим ўтказилгани, кейин эса узоқ муддатга қамалмаслик учун Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш таклиф қилингани айтилади.
Шундан сўнг С.Ж. мудофаа бўлимига бориб, шартнома имзолаган. Унга ҳарбий билет расмийлаштирилган ва пластик картасига 295 минг рубл ўтказилган. Кейин у Украина ҳудудининг эгалланган қисмидаги ҳарбий полигонга юборилган.
28-декабрь куни портлаш оқибатида жароҳатланиб, Белгород ва Оренбургдаги ҳарбий госпиталларда даволанган. Кейинчалик Самара, Новосибирск ва Қрим ҳудудларида ҳарбий хизматни давом эттирган.
2026-йил январида у ҳарбий қисмдан чиқиб, Новосибирск орқали Бишкекка кетган. Наманган вилоятидаги чегара пости орқали Ўзбекистонга ўтаётганида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланган.
Судда у қилган ишидан афсусда эканини билдирган.
Деҳқонобод туман суди S.J.ni Жиноят кодексининг 154 ва 154-1-моддалари билан айбли деб топиб, унга 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматига ёлланиш тақиқланган. Жиноят кодексига кўра, бундай ҳаракатлар озодликдан маҳрум қилиш жазосига сабаб бўлади.

