Аҳмадбек Юсупов Олий аттестация комиссияси раиси лавозимидан озод этилди Ҳукумат қарори билан Аҳмадбек Юсупов Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси раиси лавозимидан озод этилди.
Аҳмадбек Юсупов 1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1979 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган. ОАК сайтидаги маълумотларга кўра, Аҳмадбек Юсупов 2005−2012 йилларда ОАК бош илмий котиби, 2014 йилда президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари, 2014−2015 йилларда ОАК раиси, 2015 йилда президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.
Куни кеча президент илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий фаолият самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда, жумладан, Олий аттестация комиссияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича янгича ёндашувлар таклиф этилди.
Уларда Фанлар академияси тизимида Олий аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этиш, илмий кенгашлар масъулиятини ошириш, шунингдек, уларнинг фаолиятини рейтинг асосида баҳолашни жорий этиш назарда тутилган.

