Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Бир китобда жамланган дунё

26.05.2026 15:10

18

Агар сиз саёҳатларни севсангиз ва дунё ҳақидаги қизиқарли маълумотларни билишни истасангиз, албатта, бу китобни мутолаа қилинг. Ишонаманки, ушбу асар сизга манфаатли билим ва унутилмас таассурот бера олади.

Таниқли журналист, драматург, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби бугунги ўзбек китобхонлари учун энг керакли ва фойдали манбалардан бири бўлиб улгурди. Китоб илк бор 2019 йилда кирилл ёзувида нашр этилган бўлиб, унда дунёнинг 246 та мамлакати ва ҳудудий бирликлари ҳақида тарихий, сиёсий, иқтисодий ва географик маълумотлар жамланган. Энг аҳамиятлиси, маълумотлар оддий статистик шаклда эмас, балки тушунарли ва қизиқарли услубда ёритилгани билан ўқувчини зериктирмайди.

Китобни мутолаа қилар экансиз, интернет орқали ҳам осон топиб бўлмайдиган қизиқарли маълумотларга дуч келасиз. Асардан ҳар бир давлатнинг машҳур ёзувчи ва шоирлари, оммавий ахборот воситалари, кундалик нашрлари ҳамда уларнинг тиражигача батафсил жой олган. Шунингдек, дунё давлатларидаги университетлар, уларнинг Ўзбекистон билан муносабатлари каби кўплаб муҳим маълумотлар ҳам жамланган.

Айрим фактлар эса китобхонни янада ўзига жалб қилади. Масалан, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланиб, босма нашрлар камайиб бораётган бир даврда Финляндияда 2 мингдан ортиқ журнал 15 миллион нусхада чоп этилади. Аҳоли жон бошига газета адади бўйича эса Норвегия, Япониядан кейин учинчи ўринда туради. Бу давлатда 4,3 миллион нусхада икки юздан ортиқ газеталар нашр қилинади.

Ёки никоҳдан ажрашиш қонун билан тақиқланган давлатлар борлигини билармидингиз? Булар — Филиппин ва Ватикан давлатларидир. Ана шундай қизиқарли ва ноодатий маълумотлар китобни оддий маълумотномадан кўра мароқли мутолаага айлантиради.

Жаҳондаги энг ширин мевалардан бири бўлган қора ананасни татиб кўришни истасангиз Антигуа оролига боринг. Агар узумни яхши кўрсангиз, таъми, ҳиди ва серширалиги билан дунёга машҳур арман узумини татиб кўриш учун Арманистонга саёҳат қилишингиз мумкин. Китобдаги ана шундай маълумотлар инсонни дунёни янада яқиндан билишга ундайди.

Агар сиз саёҳатларни севсангиз ва дунё ҳақидаги қизиқарли маълумотларни билишни истасангиз, албатта, бу китобни мутолаа қилинг. Ишонаманки, ушбу асар сизга манфаатли билим ва унутилмас таассурот бера олади.

2026 йилда эса "Шарқ Нашр" нашриётида китобнинг тўлдирилган, лотин ёзувидаги варианти нашр қилинди. Бу нафақат китобнинг оммабоплигини, балки унга бўлган эҳтиёж юқори эканлигини ҳам кўрсатади. Айниқса, бугунги ёш авлоднинг лотин ёзувида мутолаа қилишини инобатга олсак, китобнинг қайта нашри жуда фойдали ва ўринли бўлди. Янгиланган нашр орқали китоб янада кенгроқ аудиторияга етиб бормоқда.

Бугунги интернет замонида маълумот кўп, лекин ишончли ва тартибли манба топиш қийин. Шу жиҳатдан “Дунё мамлакатлари” китоби китобхон учун жуда катта қулайлик яратади.

Ҳозирда китобнинг электрон шакли асосида танлов ташкил этилган. Танлов ғолиблари учун чет элга саёҳат йўлланмалари ҳамда қимматбаҳо совғалар ажратилгани ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини янада оширмоқда. Айниқса, ёшларнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказишида муҳим аҳамиятга эга. Бу эса мутолаани тарғиб қилиш ва ёшларни билимга ундаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлиб хизмат қиляпти.

Бу китоб айниқса журналистика, халқаро муносабатлар, тарих ва географияга қизиқадиган ёшлар учун жуда фойдали. Чунки у инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, глобал жараёнларни тушунишга ёрдам беради.

“Дунё мамлакатлари” китоби оддий маълумотнома эмас, балки дунёни англашга хизмат қиладиган муҳим илмий-маърифий асардир. 2019 йилдаги илк нашри билан китобхонлар эътиборини қозонган бўлса, 2026 йилдаги лотин ёзувидаги қайта нашри орқали янада қулай ва манфаатли манбага айланди.

Мухлиса Тошпўлатова, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган