Ижтимоий тармоқларда “Даҳшат, Ҳайит байрамида ота фарзандини уриб майиб қилди” деган сарлавҳа билан тарқалган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Маълум бўлишича, ота икки нафар фарзандини Қурбон ҳайити муносабати билан сайрга олиб чиққан. Айланиб қайтиш жараёнида катта фарзанди кутилмаганда автомобиль йўлига югуриб чиққан. Уни хавфдан сақлаб қолиш мақсадида отаси қўли билан тўхтатмоқчи бўлган вақтда, қўли боланинг бурун қисмига тегиб кетган ва натижада қон оққан.
Шундан сўнг ота фарзандига катта йўлга чиқмасликни тушунтирган. Аммо атрофдаги айрим шахслар воқеани нотўғри талқин қилиб, уни “ота фарзандини шафқатсиз урди” деган мазмунда ижтимоий тармоқларга тарқатган.
Суриштирув давомида боланинг онаси ҳам кўрсатма бериб, турмуш ўртоғи томонидан аввал фарзандларига нисбатан зўравонлик ёки тазйиқ ҳолатлари кузатилмаганини билдирган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар интернет орқали тарқалган талқинлар ҳақиқатга мос эмаслигини маълум қилди.

