Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Ер секинлашмоқда: сайёрамиз айланишига нима таъсир қиляпти?

28.05.2026 19:36

33

Вена университети ҳамда ETH Zurich олимлари олиб борган янги тадқиқотга кўра, Ерда кун узайишининг ҳозирги суръати сўнгги 3,6 миллион йил ичида кузатилмаган. Бунга асосий сабаб сифатида глобал исиш кўрсатилмоқда.

Ер сайёраси ҳар куни ўз ўқи атрофида тўлиқ айланади. Бир қарашда бу жараён доимийдек туюлса-да, аслида унинг тезлиги аста-секин ўзгариб бормоқда. Ҳозир олимлар диққатини тортаётган ноодатий жараён — Ернинг айланиш тезлиги пасайиб, сутка давомийлиги узайиб бораётганидир.

Бу ўзгариш ҳозирча жуда кичик — аср давомида миллисекунд улушларида ўлчанади. Аммо мутахассислар фикрича, бунинг ортида улкан сайёравий кучлар ётибди. Бу ҳақда Science Focus нашри хабар берди.

Вена университети ҳамда ETH Zurich олимлари олиб борган янги тадқиқотга кўра, Ерда кун узайишининг ҳозирги суръати сўнгги 3,6 миллион йил ичида кузатилмаган. Бунга асосий сабаб сифатида глобал исиш кўрсатилмоқда.

Олимларнинг таъкидлашича, қутб музликлари ва тоғ музликлари эриши натижасида улкан ҳажмдаги чучук сув қутблардан экватор томон кўчмоқда. Бу эса Ер массасининг қайта тақсимланишига олиб келади. Физика қонунларига кўра, масса марказдан узоқлашган сари айланиш секинлашади. Бу ҳолатни фигурачи қўлларини ёзганда айланиш тезлиги пасайишига қиёслаш мумкин.

Авваллари Ер суткасининг узайишига Ой тортиш кучи, мантиядаги жараёнлар ва атмосфера тебранишлари таъсир қилиши маълум эди. Энди эса иқлим ўзгариши ҳам Ер айланишига бевосита таъсир қилаётгани аниқланди.

Тадқиқотчилар миллион йиллик ўзгаришларни ўрганиш учун денгиз тубида яшовчи бир ҳужайрали микроорганизмлар — бентос фораминифералари қолдиқларини таҳлил қилди. Уларнинг қобиғида қадимий денгиз сатҳи ва иқлим ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолган.

Олимлар махсус сунъий интеллект алгоритми ёрдамида Ернинг кеч Плиоцен давридан буён айланиш тарихини қайта тиклашга муваффақ бўлди.

Тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирги кунда сутка давомийлиги ҳар 100 йилда 1,33 миллисекундга узаймоқда.

ETH Zurich профессори Бенедикт Соянинг айтишича, бундай ўзгариш учун тахминан 1000 гигатонна муз ва сув қутблардан океанларга кўчиши керак бўлади.

Таққослаш учун, бу Нью-Йорк устига қўйиш мумкин бўлган, ҳар бир томони 10 километрдан ортиқ улкан муз кубига тенг.

Олимлар тарихда фақат бир марта — тахминан икки миллион йил аввал шунга яқин жараён кузатилганини аниқлаган. Ўшанда бунга табиий $CO_2$ кўпайиши ва музликлар заифлашиши сабаб бўлган. Бугун эса инсоният шундай таъсирни атиги юз йил ичида юзага келтирмоқда.

Мутахассислар огоҳлантиришича, агар иссиқхона газлари чиқиндиси шу тарзда давом этса, XXI аср охирига келиб инсон омили Ер суткаси узайишининг асосий сабабчисига айланиши мумкин. Ҳатто бу таъсир Ойнинг гравитацион таъсиридан ҳам кучли бўлиши эҳтимол қилинмоқда.

Гарчанд бу ўзгаришлар инсон учун сезилмас даражада бўлса-да, замонавий технологиялар учун жуда муҳим ҳисобланади. GPS навигацияси, сунъий йўлдошлар ва космик аппаратлар фаолияти ўта аниқ вақт синхронизациясига боғлиқ.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган