Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Ўзбекистон билан чегара ҳудудида янги чегара пункти ишга туширилди. Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, Боткен туманига қарашли Соғмент қишлоғида жойлашган янги “Соғмент” чегара пости Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасининг 12 километрдан ортиқ қисми хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Чегара пунктининг очилиш маросимида онлайн форматда Қирғизистон Давлат чегара хизмати раиси Абдукарим Алимбоев иштирок этган. Шунингдек, тадбирда ҳудудий мутасаддилар ҳам қатнашган.
Маросимда сўзга чиққан расмийлар янги постнинг ишга туширилиши давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, чегара ҳудудларида барқарорликни таъминлаш ва хизмат самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
“Соғмент” чегара постида ҳарбий хизматчилар учун барча шароитлар яратилгани, замонавий талабларга жавоб берадиган казарма ва хизмат инфратузилмаси барпо этилгани билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Фарғона вилоятининг Шоҳимардон қишлоғига кириш қисмида жойлашган “Оқ-Қия” божхона пункти ҳамда “Сўх” чегара божхона пости ёзги сайёҳлик мавсуми муносабати билан 24 соатлик иш режимига ўтказилган эди. Янги тартиб жорий йилнинг 1 октябрига қадар амал қилади.

