Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Ўзбекистонда 2030 йилгача 5 та янги сел-сув омбори қурилади

29.05.2026 19:26

3

Қарор асосида Жиззах вилояти Бахмал туманида Тангатопдисой, Самарқанд вилоятида Ғиждувонсой, Чоштепасой ва Оқтепасой, шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Оқсокотасой сел-сув омборлари қурилади.

Ўзбекистонда сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланиш мақсадида 2027–2030 йилларда 5 та янги сел-сув омбори барпо этилади. Бу Президентнинг “Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, янги лойиҳалар сув ресурсларини кўпайтириш, қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш, янги ер майдонларини ўзлаштириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Қарор асосида Жиззах вилояти Бахмал туманида Тангатопдисой, Самарқанд вилоятида Ғиждувонсой, Чоштепасой ва Оқтепасой, шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Оқсокотасой сел-сув омборлари қурилади.

Мазкур иншоотлар ҳисобидан Самарқанд вилоятида 7 минг гектар, Тошкент вилоятида 2 минг гектар ва Жиззах вилоятида 300 гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 3,3 минг гектар ва Тошкент вилоятида 300 гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилади.

Қарор иловасига кўра, 5 та лойиҳанинг умумий дастлабки қиймати 997 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳалар республика бюджети, “Agrobank” маблағлари ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилинадиган хусусий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилади.

Хусусан, Тангатопдисой ва Оқсокотасой сел-сув омборларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш режалаштирилган.

Қарорда сел-сув омборлари атрофида туристик-рекреацион ҳудудлар ташкил этиш, балиқчиликни ривожлантириш ва қўшимча хизмат кўрсатиш йўналишларини йўлга қўйиш имконияти ҳам назарда тутилган.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган