Хитойлик олимлар гуручни қайта ишлаш жараёнида чиқадиган чиқиндилардан олинадиган пептидлар организмнинг туғма иммун ҳимоясини сезиларли даражада кучайтириши мумкинлигини аниқлади. Илмий жамоа ўз тадқиқоти натижаларини "Food & Function" журналида эълон қилди. Бу ҳақда "Planet Today" нашри хабар берди.
Тажриба давомида хомашё аввал ферментатив гидролиздан ўтказилиб, кейинчалик Lactobacillus plantarum бактериялари ёрдамида ферментация қилинди. Икки босқичли ушбу усул маҳсулот таркибини тубдан ўзгартириш имконини берди. Натижада эрувчан оқсиллар миқдори 6,73%-дан 74,24%-гача ошди.
Тадқиқотнинг муҳим натижаларидан бири қисқа занжирли пептидлар улушининг кўпайиши бўлди. Олимлар таъкидлашича, бундай молекулалар инсон организми томонидан осон ўзлаштирилади ва узун оқсил занжирларига нисбатан юқори биологик фаолликка эга ҳисобланади.
Пептидларнинг самарадорлигини баҳолаш мақсадида олимлар RAW264.7 макрофаг ҳужайралари линиясида тажрибалар ўтказди. Макрофаглар иммун тизимининг асосий ҳимоячилари бўлиб, турли патогенлар ва бегона заррачаларни йўқ қилиш вазифасини бажаради.
Тажриба натижалари олинган моддалар ҳужайралар учун мутлақо хавфсиз эканини кўрсатди. Шу билан бирга, улар макрофагларнинг функционал фаоллигини сезиларли даражада оширган. Пептидлар таъсирида ҳужайралар нафақат бегона объектларни самаралироқ йўқ қилган, балки фаол ҳолатга ўтиб, ташқи кўринишини ҳам ўзгартирган.
Биокимёвий таҳлиллар асосий сигнал молекулалари ҳисобланган цитокинлар ишлаб чиқарилиши сезиларли даражада ошганини кўрсатди. Ушбу оқсиллар яллиғланиш жараёнлари ва организмнинг ҳимоя реакцияларини бошқаришда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, TLR4 рецепторининг фаоллиги ҳам ошгани қайд этилди. Мутахассислар фикрича, айнан шу рецептор бактерия ва вирусларнинг тузилмаларини илк бор аниқлаб, иммун жавоб реакциясини ишга туширади.
«Олинган маълумотлар гуруч кепагидан ажратилган пептидлар организмнинг туғма ҳимоя механизмларини кучли рағбатлантирувчи восита бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда», — дейишади тадқиқот муаллифлари.
Бироқ олимлар муҳим бир жиҳатга ҳам эътибор қаратмоқда. Барча синовлар фақат лаборатория шароитида, ҳужайра моделларида ўтказилган. Шу боис ушбу моддаларнинг тирик организм иммунитетига таъсирини аниқ баҳолаш учун қўшимча тадқиқотлар ва клиник синовлар талаб этилади.
Гуруч кепаги — доннинг ташқи қаттиқ қобиғи бўлиб, оқ гуруч олиш учун сайқаллаш жараёнида одатда ажратиб ташланади. Тарихан кўплаб Осиё халқлари жигарранг, яъни тозаланмаган гуручни истеъмол қилиш саломатлик учун фойдалироқ деб ҳисоблаган.
Замонавий илм-фан ҳам бу қарашларни тасдиқламоқда. Чунки гуруч кепаги пептидлардан ташқари В гуруҳи витаминлари, антиоксидантлар, озиқавий толалар ҳамда турли минерал моддаларга бой ҳисобланади.
Лактобактериялардан фойдаланиш каби микробиологик усуллар эса ушбу фойдали компонентларни нафақат ажратиб олиш, балки инсон организми томонидан осон ўзлаштириладиган шаклга келтириш имконини ҳам беради.

