Тошкент шаҳри Сергели туманидаги автомобиль ва эҳтиёт қисмлар бозорида йиллар давомида шаклланган ноқонуний воситачилик тизимига қарши кескин чоралар кўрилмоқда. Пойтахт ИИББ ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бозорда фаолият юритган 100 нафар олибсотар аниқланиб, уларнинг бир қисмига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.
Халқ орасида «сайгаклар» номи билан танилган бу шахслар автомобиль эҳтиёт қисмларини арзон ва тез топиб беришни ваъда қилиб, маҳсулотларни ҳақиқий нархидан икки-уч баробар қимматга сотиб келгани айтилмоқда. Айрим ҳолларда оддий 10−15 минг сўмлик эҳтиёт қисмлари 50−60 минг сўмгача етказилган.
Сотувчилар ва тадбиркорлар фикрича, бундай ноқонуний воситачилар бозорда сунъий қимматчиликни кучайтириб, харидорларнинг ишончини пасайтирган. Натижада кўплаб мижозлар Сергели бозоридан воз кечиб, автодетейлинг ва бошқа хусусий хизматларга ўта бошлаган.
Тезкор тадбирлар натижасида 50 нафар шахс билан профилактик суҳбат ўтказилиб, 30 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ ва жарима жазоси тайинланди.
Олиб-сотарлардан айримлари ўз фаолияти ноқонуний эканини тан олиб, келгусида қонуний ишлашга ваъда берган.
Шу билан бирга, пойтахт ИИББ бозор ҳудудида йирик фирибгарлик ҳолатлари ҳам аниқланганини маълум қилди. Хусусан, арзон автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, фуқаролар маблағларини ўзлаштирган икки шахс суд томонидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил ва 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур бозор ҳудудида 10 га яқин жиноят иши қўзғатилган.

