Андижон вилоятида “Soliq Mobile” иловаси орқали катта миқдорда бюджет маблағларини талон-торож қилишга оид жиноий схема аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган текширувга кўра, бир гуруҳ шахслар олдиндан тил бириктириб, бир нечта МЧЖлар ташкил этган. Ушбу корхоналар ўртасида ҳақиқий молиявий операциялар амалга оширилмаган бўлса-да, электрон тизимлар орқали йирик миқдордаги сохта савдо айланмаси яратилган.
Текширув давомида 2026 йил март–апрель ойларида жами 1,1 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилгани аниқланган. Шу асосда “онлайн назорат-касса машиналари” орқали сохта чеклар чиқарилиб, 100 458 нафар фуқарога “кешбэк” тўловлари амалга оширилган.
Оқибатда давлат бюджетига 35,1 млрд сўм зарар етказилгани қайд этилди.
Шунингдек, айрим масъул шахслар томонидан мазкур МЧЖлар фаолияти юзасидан шубҳали операциялар ўз вақтида ўрганилмагани, ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш ва назорат чоралари кўрилмагани ҳам аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

