Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган кимё саноатини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида тармоқдаги мавжуд имкониятлар ва янги вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда мамлакатда ҳар йили 1,5 миллион тонна аммиакли селитра ишлаб чиқарилиб, бунинг учун 1 миллиард 70 миллион куб метр табиий газ сарфланаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, дунёда қишлоқ хўжалигида карбамид ва сувда эрийдиган ўғитларга, тоғ-кон саноатида эса ғоваксимон селитрага ўтиш тенденцияси кучайиб бораётгани таъкидланди.
Давлат раҳбарига кўра, аммиакли селитра билан таннархи деярли бир хил бўлган ғоваксимон селитрада қўшилган қиймат икки баробар юқори. Шу боис мутасаддилар ва корхона раҳбарларига юқори даромад келтирадиган шундай лойиҳалар сонини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали юқори даромадли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, «Навоийазот»да ишлаб чиқарилаётган бир тонна сиан тузининг бозор қиймати 3 минг 700 доллар бўлса, уни қайта ишлаб елим маҳсулоти олинганда қиймати 8 минг долларгача етиши мумкин.
Шу муносабат билан «Навоийазот» ҳузуридаги кимё кластерида умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган 10 та кам тоннажли кимё лойиҳасини бошлаш топширилди.
Шунингдек, геология соҳасида аниқланган захиралардан самарали фойдаланиш орқали қўшилган қийматни бир неча баробар ошириш мумкинлиги таъкидланди. Хусусан, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида 550 миллион тонна натрий ва калий, 20 миллион тонна бентонит захиралари мавжуд.
Йиғилишда Жиззах вилоятида 1,5 миллион тонна ва Қорақалпоғистонда 500 минг тонна серпентинит захиралари аниқлангани ҳам қайд этилди. Ушбу минерални қайта ишлаш орқали тоннаси 5 минг долларгача баҳоланадиган магний оксиди, янада чуқур қайта ишланганда эса никель, хром ва кобальт олиш мумкин. Бу маҳсулотлар электроника ва юқори технологияли саноат учун муҳим хомашё ҳисобланади.
Президент мутасаддиларга фосфорит, галит, мирабилит ва серпентинит каби кимё саноати учун стратегик аҳамиятга эга хомашёлар захирасини икки баробар ошириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш ва амалий ишларни бошлашни топширди. Шунингдек, серпентинитни қайта ишлашга қаратилган камида 200 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш вазифаси қўйилди.

