Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида 30 кунгача бўлган муддат учун ўзаро визасиз режим жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
3 июн куни Тошкент шаҳрида Гонконг махсус маъмурий ҳудуди администрацияси раҳбари Жон Ли Каччиу билан учрашув бўлиб ўтган. Музокаралар давомида инвестициялар, молия, рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ва логистика каби истиқболли йўналишларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Томонлар Гонконгнинг халқаро молия ва бизнес маркази сифатидаги тажрибаси Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ҳамда илғор лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.
Учрашув якунида томонлар ўзаро визасиз режимни жорий этиш бўйича ҳукуматлараро битим тузиш ниятини тасдиқловчи вербал ноталар билан алмашган.

