Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Afrosiyob’га чипта олмоқчи бўлганларнинг камида 30 фоизи бундай имкониятга эга эмас — вазир

04.06.2026 16:49

10

Ўзбекистонда Afrosiyob тезюрар поездларига чипта харид қилиш истагини билдирган фуқароларнинг камида 30 фоизи чипта дефицити сабабли чипта харид қилиш имкониятига эга эмас, деди транспорт вазири. Соҳада вагонлар етишмаслиги, ҳаракат таркибининг эскиргани ва сервис билан боғлиқ муаммолар ҳам бор.

Ўзбекистон темир йўл соҳасида вагонлар етишмаслиги, ҳаракат таркибининг эскиргани, тезюрар поездларга чипталар танқислиги ва вокзаллардаги сервис сифати пастлиги каби тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда 3 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзга чиққан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, асосий муаммолардан бири — ҳаракат таркиби етишмаслиги.

«Ҳозирги кунда мавжуд поездлар таркибини тўлдириш учун 120 та вагонга эҳтиёж мавжуд. Йўловчи поезларида маънан эскирган вагонларнинг хизмат кўрсатиши ва улардаги салбий санитар ҳолатлар [муаммолари ҳам бор]», — деди Илҳом Маҳкамов.

Вазир юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларга (Afrosiyob) чипталар танқислиги масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

«Юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларга талаб юқори бўлгани сабаб чипта етишмовчилиги мавжуд. Таҳлилларга кўра, чипта харид қилиш истагини билдирган фуқароларнинг камида 30 фоизи чипта дефицити сабабли чипта харид қилиш имкониятига эга эмас», — деди у.

Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, қўшимча йўловчи поездларини йўлга қўйиш темирйўл инфратузилмасидаги чекловлар туфайли қийинлашмоқда.


«Қўшимча йўловчи поездлар қатновини ташкил этиш учун йўл инфратузилмаси мавжуд эмас. Ҳозирги вақтда Тошкент — Самарқанд участкаси энг қатнов тирбанд бўлган участка ҳисобланиб, юк ва йўловчи поездлар ҳаракати максимал тарзда ташкил этилган. Шу сабабли ушбу участкада қўшимча поездлар қатновини йўлга қўйишда ҳар доим мураккаблик вужудга келади», — деди вазир.

Унинг қўшимча қилишича, баъзи ҳудудларда шаҳар атрофида ҳаракатланувчи йўловчи поездлар ҳаракати ташкил этилмаган.

«Темир йўл вокзалларида йўловчилар учун таклиф этиладиган сервис хизматлари сифати етарли даражада эмас», — деди Илҳом Маҳкамов.

Вазир фуқаролар, депутатлар ва турли сўровлар иштирокчилари томонидан кўтарилаётган муаммолар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда инобатга олинаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда ва бир қатор президент қарорлари билан мавжуд камчиликларни бартараф этиш дастурлари тасдиқланган.

Хусусан, Ўзбекистон президентининг 2025 йил 27 декабрдаги 391-сонли қарори билан 2030 йилгача йўловчи ташиш соҳасини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган темир йўл транспортида йўловчи ташиш инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳаракат таркибини янгилаш дастури тасдиқланган.

Вазир мазкур ҳужжат аҳолини хавфсиз ва сифатли транспорт хизматлари билан таъминлаш, шунингдек, 2030 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларини юқори тезликдаги ва тезюрар электр поездлари қатнови билан қамраб олишни назарда тутишини қайд этди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган