Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошди.
Саноат, энергетика, металлургия, транспорт, кимё саноати ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда.
Товар айирбошлашдаги жорий суръатларни сақлаб қолиш, кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу кунларда Мариинский театрида Георг Фридрих Генделнинг “Тамерлано” операсининг премьераси бўлиб ўтгани ҳамда “Эрмитаж” давлат музейида Ўзбекистон амалий санъати кўргазмаси очилгани қайд этилди.
Етакчилар бўлажак тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш ишларига старт бердилар.
Маросимда телекўприк орқали Халқаро атом энергияси агентлиги (XAЭA) бош директори Рафаэль Гросси ҳам иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Владимир Путин ва Рафаэль Гроссига ушбу лойиҳанинг рўёбга чиқарилишини шахсан қўллаб-қувватлаганлари ва кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдирди. Мамлакатимизда биринчи атом электр станциясини барпо этишда иштирок этаётган Ўзбекистон ва Россия мутахассисларига биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва юксак профессионаллик учун алоҳида ташаккур айтилди.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг технологик, индустриал ва илмий тараққиётида янги босқични бошлаб бериб, янги тармоқ – атом энергетикасини ривожлантириш учун асос яратиши қайд этилди. Лойиҳа кичик модулли атом генерацияси ҳамда йирик ҳажмли энергетика соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни ўзида мужассам этган.
Ўзбекистон етакчиси хавфсизлик лойиҳанинг мутлақ ва сўзсиз шарти эканини алоҳида таъкидлади. Станцияни қуриш ва уни эксплуатацияга тайёрлаш ишлари энг замонавий халқаро стандартлар, илғор муҳандислик ечимлари асосида ҳамда Халқаро атом энергияси агентлигининг доимий назорати остида бажарилмоқда.

Ушбу улкан лойиҳанинг амалга оширилиши ва унинг натижалари Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

