Ўзбекистон журналистларининг Ахлоқ-одоб кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ҳужжат журналистлар, таҳририятлар, онлайн ОАВ, ахборот агентликлари, блогерлар ва бошқа медиасубъектлар учун ягона касбий этика стандартларини белгилашни назарда тутади.
Лойиҳада ахборотнинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, таҳририят мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланишда шаффофликни таъминлаш асосий мақсадлар сифатида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, журналистлар ахборотни эълон қилишдан аввал унинг ҳаққонийлигини текшириши, имкони борича камида икки мустақил манба орқали тасдиқлаши лозим. Шунингдек, сохта факт яратиш, плагиат, қўлбола иқтибослар тузиш, сарлавҳа орқали аудиторияни чалғитиш ва рекламани таҳририй материал сифатида кўрсатиш қатъий тақиқланмоқда.
Лойиҳада болалар, зўравонлик қурбонлари, оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар ва бошқа заиф тоифадаги инсонлар ҳақида материал тайёрлашнинг алоҳида этик меъёрлари ҳам белгиланган.
Кодекснинг муҳим янгиликларидан бири сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш тартибининг киритилиши бўлди. Унга кўра, журналистик материалларда AI ёрдамида яратилган ёки сезиларли даражада ўзгартирилган матн, фото, аудио ва видеолар алоҳида белгилаб қўйилиши шарт. Шунингдек, дипфейк технологиялари орқали одамларга тегишли сохта тасвир ва видеоларни ҳақиқат сифатида тарқатиш касбий этиканинг энг оғир бузилиши сифатида баҳоланиши таклиф этилмоқда.
Лойиҳада журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятига ҳам алоҳида боб ажратилган. Унда журналистлардан рақамли платформаларда ҳам касбий бетарафлик, мулоқот маданияти ва ахборотнинг ҳаққонийлиги тамойилларига амал қилиш талаб этилган.
Шунингдек, мустақил Этика комиссиясини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Комиссия журналистик этика бузилишига оид мурожаатларни кўриб чиқади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда тузатиш ёки аниқлаштиришларни эълон қилишни талаб қилиши мумкин. Бироқ ҳужжатда комиссия ваколатлари цензура воситасига айланмаслиги, журналистларни аккредитациядан маҳрум қилиш ёки материалларни олдиндан тақиқлаш ҳуқуқига эга эмаслиги алоҳида қайд этилган.
Муаллифлар таъкидлашича, мазкур Кодекс журналистика соҳасида ўзини ўзи тартибга солиш механизмларини ривожлантириш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва замонавий рақамли муҳит талабларига жавоб берадиган касбий стандартларни шакллантиришга хизмат қилади.

