Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар бўлимининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2021–2025 йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгуси беш йиллик устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда сўнгги беш йиллик фаолият ҳисоботи эшитилиб, амалга оширилган ишлар қониқарли деб топилди. Шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Муҳим масалалардан бири сифатида Тошкент шаҳар бўлими раиси сайлови ҳам ўтказилди. Овоз бериш якунларига кўра, “Ўзбекистон 24” радиоканали бош муҳаррири Худойназар Дўстқобилов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар бўлими раиси этиб сайланди.

Йиғилиш доирасида бошқарувнинг янгиланган таркиби, назорат-тафтиш комиссияси аъзолари ҳамда уюшманинг навбатдаги конференциясига делегатлар ҳам тасдиқланди.
Таъкидланишича, келгуси йилларда журналистларни қўллаб-қувватлаш, малака ошириш, медиа соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш ва соҳани янада ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.

