Венгрия парламенти депутатлари ўз маошларини 40 фоизга камайтириш ва қатор молиявий имтиёзлардан воз кечиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини бир овоздан қабул қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қонун лойиҳаси ҳукмрон “Тиса” партияси фракцияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, мухолифат ҳам уни қўллаб-қувватлади.
Ҳужжатга кўра, депутатлар маоши мамлакатдаги ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши ҳамда парламент ва қўмиталардаги лавозимларга оид коэффициентлар асосида ҳисобланади. Янги тартибга мувофиқ, ушбу тўловлар аввалги миқдорга нисбатан 40 фоизга қисқартирилади. Венгрия ОАВ маълумотларига кўра, базавий маош миқдори тахминан 5 минг еврога тенг.
Шу билан бирга, парламент аъзолари қўшимча даромад ва имтиёзлардан ҳам воз кечди. Хусусан, улар мобил алоқа ва ёқилғи харажатлари учун компенсацияларни бекор қилди. Хизмат сафарлари вақтида меҳмонхона харажатлари 31 фоизга, офис ижараси учун ажратиладиган маблағлар 52 фоизга, ёрдамчилар маошига ажратиладиган харажатлар эса 30 фоизга қисқартирилди.
Бундан аввал Венгриянинг янги Бош вазири Петер Мадьяр ҳукумат аъзолари маошларини камайтириш ва давлат аппаратини сақлаш харажатларини қисқартиришини маълум қилган эди. Шунингдек, давлат амалдорлари учун берилган ортиқча имтиёзлар бекор қилиниб, жумладан, қимматбаҳо хизмат автомобилларидан фойдаланиш чекланади.
Маълум қилинишича, парламент бюджети ҳам тахминан 25 фоизга қисқартирилади.
Петер Мадьяр Бош вазир ва парламент депутати сифатида ойига жами 10,5 минг евро атрофида маош олади. Бу кўрсаткич унинг ўтмишдоши — Виктор Орбан олган маошдан қарийб икки баробар кам ҳисобланади.
Айни пайтда вазир ўринбосарлари, департамент раҳбарлари ва оддий давлат хизматчилари маошларини қисқартириш режалаштирилмаган.

