“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати маълум қилишича, ҳодиса 9 июнь куни Тошкент минтақавий темир йўл узели филиали Тошкент темир йўл масофаси корхонаси ходими Аъзам Иброҳимов хизмат вазифасини бажараётган вақтда содир бўлган.
Қайд этилишича, у Сергели тумани ҳудудидан ўтувчи Қорасув канали атрофида иш олиб бораётган пайтда сувда оқиб кетаётган ва ёрдам сўраб чақириқ қилаётган икки нафар қизни кўриб қолган. Шундан сўнг темир йўл созловчиси зудлик билан каналга тушиб, қизлардан бирини сувдан олиб чиққан.
Унинг тезкор ва фидокорона ҳаракати туфайли эҳтимолий фожианинг олди олинган.
Мазкур жасорати учун Аъзам Иброҳимов “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти томонидан ташаккурнома, эсдалик совғаси ҳамда пул мукофоти билан тақдирланган.

