Италиянинг Сардиния оролида жойлашган машҳур Пунта Молентис пляжида қуёшдан ҳимоя қилувчи соябонлардан фойдаланиш тақиқланди. Янги тартибга кўра, мазкур тақиқ 10 дан 65 ёшгача бўлган ташриф буюрувчиларга нисбатан қўлланади. Фақат 10 ёшгача бўлган болалар ва 65 ёшдан ошган фуқаролар учун истисно қилинган.
Сардиниянинг жануби-шарқий соҳилидаги Вилласимиус ҳудудида жойлашган Пунта Молентис пляжи муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд ҳисобланади.
Қайд этилишича, ўтган йилнинг июл ойида пляж қасддан ўт қўйиш оқибатида юзага келган йирик ёнғин сабабли вақтинча ёпилган эди. Шунингдек, денгизда кузатилган ноодатий об-ҳаво ҳодисалари ҳам ҳудудга салбий таъсир кўрсатган. Шу муносабат билан маҳаллий маъмурият табиатни асраш ва инсон таъсирини камайтириш мақсадида қоидаларни кучайтирган.
Янги тартибга мувофиқ, пляжда нафақат соябонлар, балки беседка, палатка ва соя ҳосил қилишга мўлжалланган бошқа қурилмаларни ўрнатиш ҳам тақиқланади. Мазкур чекловлар октябр ойи охиригача амал қилади.
Мазкур қарор пляж меҳмонлари орасида норозиликка сабаб бўлди. Улар очиқ қуёш остида узоқ вақт бўлиш қуёшдан куйиш, иссиқ уриши ва ҳатто тери саратони хавфини оширишини таъкидламоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса ҳазиломуз тарзда пляжга бориш учун энди бола ёки кексани „ижарага олиш“га тўғри келишини ёзмоқда.

