"Халқ сўзи" газетасининг бугунги сонида эълон қилинган мақолада халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси раиси Иброҳим Ёқубов айрим ҳолатларда фуқаролар солиқ қарзи мавжуд бўлмагани ёки тўлов муддати тугамаган бўлишига қарамай, уларга нисбатан ундирув чоралари қўлланаётганини танқид қилди.
Муаллифнинг таъкидлашича, Солиқ кодексининг 423 ва 440-моддаларига мувофиқ жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини 15 апрель ҳамда 15 октябрга қадар тенг улушларда тўлаш ҳуқуқига эга. Бироқ амалиётда айрим фуқаролардан иккинчи муддат учун ҳам солиқ қарздорлигини муддатидан олдин ундириш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида мурожаатлар кўпаймоқда.
Мақолада келтирилган мисолга кўра, Термиз шаҳридаги фуқаро 2026 йил учун ҳисобланган ер ва мол-мулк солиқларини 15 апрель куни тўлиқ тўлаган. Шунга қарамай, Термиз шаҳар солиқ инспекцияси томонидан 14 апрель куни, яъни тўлов муддати тугамасдан судга даъво киритилган. Кейинчалик тўлов амалга оширилгани тасдиқланиб, фуқаронинг эътирозидан сўнг суд қарори бекор қилинган.
Иброҳим Ёқубовнинг фикрича, бундай ҳолатлар солиқ маълумотларининг ўз вақтида янгиланмаслиги, электрон базалар ва суд органлари ўртасидаги ахборот алмашинувидаги кечикишлар ҳамда материалларнинг етарлича текширилмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Муаллиф қарз мавжуд бўлмаган ҳолда ундирув жараёнини бошлаш фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатларига путур етказишини таъкидлаб, солиқ ва суд органлари ўртасидаги маълумот алмашинувини тўлиқ автоматлаштириш, суд қарори чиқарилишидан олдин текширув механизмларини кучайтириш, шунингдек, фуқаролар учун ортиқча харажатларга сабаб бўлган ҳолатларда компенсация механизмларини жорий этиш зарурлигини қайд этган.
Мақолада солиқ тизимининг ҳақиқий самараси нафақат рақамлаштириш ва бюджет тушумлари, балки адолат, аниқлик ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан баҳоланиши лозимлиги таъкидланган.

