Ҳукуматнинг 307-сонли қарори билан жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолияти тартиби тасдиқланди.
Янги тартибга кўра, маҳкумларнинг адабиётларни ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш ва тест синовлари натижаларини тасдиқлаш учун муассаса ходимлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия тузилади.
Комиссия йиғилишлари, қоида тариқасида, ҳар йили камида икки марта — февраль ва август ойларида ўтказилади. Тест натижалари бўйича тайёрланган хулоса маҳкумга таништирилади ва унинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади. Хулосанинг кўчирма нусхаси прокурорга юборилади, шунингдек, маҳкумнинг ҳимоячисига унинг сўровига кўра тақдим этилади.
Маҳкум ёки унинг ҳимоячиси тест натижалари билан таништирилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Суд шикоятни кўриб чиқиб, тест натижаларини ўзгаришсиз қолдириши ёки келтирилган далиллар асосли деб топилган тақдирда уларни бекор қилиши мумкин.

