Ўзбекистонда ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланганлик учун жисмоний шахсларга нисбатан қўлланган уч карра ер солиғи бекор қилинди.
Бу ҳақда айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун қабул қилингани маълум қилинди.
Янги тартибга кўра, 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнга қадар бўлган даврда жисмоний шахсларга ердан ҳужжатларсиз фойдаланганлик учун ҳисобланган уч карра солиқлар қайта ҳисоб-китоб қилинади. Солиқ органлари аввал ҳисобланган суммаларни қайта кўриб чиқиши белгиланди.
Қонун билан шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган бир қатор ўзгартишлар ҳам киритилди.
Хусусан, ҳуқуқларни расмийлаштиришга тўсқинлик қилувчи айрим тартиб-таомиллар қисқартирилмоқда, ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари камайтирилмоқда ҳамда бир марталик тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилмоқда.
Шунингдек, ваколатли ташкилотлар масъулиятини ошириш, солиқ қарздорлиги тушунчасини аниқлаштириш ва фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш ҳам назарда тутилган.

