Бугун пойтахтимизда старт олаётган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) арафасида, Ўзбекистоннинг яқин йиллардаги иқтисодий харитасини белгилаб берувчи стратегик воқеа юз берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда АҚШнинг энг нуфузли давлат молиявий институтлари ва трансмиллий корпорациялари раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри, эксклюзив давра суҳбати бўлиб ўтди.
Вашингтоннинг глобал инвестициялар сиёсатини белгиловчи икки йирик устуни — АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси ва Экспорт-импорт банки раҳбариятининг ушбу учрашувда шахсан иштирок этгани Америка сиёсий ва бизнес доираларининг Ўзбекистонга нисбатан стратегик қарашлари тубдан ўзгарганидан далолат беради.
Маълумотларга кўра, учрашув шунчаки расмий баёнотлардан иборат бўлмай, балки АҚШ йирик бизнесининг Марказий Осиёдаги энг йирик бозорга киришини тезлаштириш механизмига айланди. Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун мутлақо хавфсиз ва юқори рентабелли шериклик майдонига айланди.
Америка капиталининг Ўзбекистонга фаол интилиши ортида 3 та асосий стратегик драйвер турибди:
Жумладан, мамлакатда хусусий мулк ва хорижий инвесторлар ҳуқуқининг қонун устуворлиги даражасида ҳимояланиши АҚШ молиявий институтлари учун бош мезон бўлди.
Ўзбекистон анъанавий хомашё экспортидан воз кечиб, яшил энертика, литий ва бошқа нодир металларни қайта ишлаш, рақамли инфратузилма ва сунъий интеллект каби энг замонавий соҳаларда шерикликни таклиф қилмоқда.
АҚШ компаниялари Ўзбекистонга нафақат 38 миллионлик бозор, балки бутун Марказий Осиё ва қўшни минтақаларга чиқиш имконини берувчи бош логистик ва саноат дарвозаси сифатида қарамоқда.
DFC ва EXIM банкининг биргаликдаги ҳаракати Америка хусусий сектори учун яшил чироқ демакдир. Ушбу институтлар томонидан лойиҳаларнинг молиялаштирилиши Уолл-стрит (Wall Street) ва АҚШнинг йирик саноат гигантларига Ўзбекистондаги хавф-хатарлар минимал даражада экани ҳақида берилган энг кучли сигналдир.
Мазкур олий даражадаги учрашув бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг бош интригасини очиб берди. Маълумотларга кўра, форум давомида АҚШ компаниялари билан энергетика, транспорт ва юқори технологиялар соҳасида узоқ муддатли, кўп миллиардлик келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ўзининг очиқлик сиёсати ва қатъий ислоҳотлари билан нафақат минтақада, балки глобал миқёсда ишончли, башорат қилиб бўладиган ва юқори салоҳиятли стратегик ҳамкор сифатидаги мавқеини узил-кесил мустаҳкамлади. Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги бу галги иқтисодий мулоқот яқин йилларда икки томонлама муносабатлар тарихидаги энг йирик инвестиция тўлқинини бошлаб бериши кутилмоқда.








