Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш учун капитал бозорини ривожлантириш, муқобил молия воситаларига кенг йўл очиш лозимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон янги авлод молия технологиялари ва сармоя бозорларини ривожлантирмоқда. Ўтган даврда халқаро бозорларда 16 миллиард доллардан зиёд облигациялар жойлаштирилди. Шу билан бирга, миллий валютадаги корпоратив евро-облигациялар ҳам айланмага киритилди.
Илк бор 13 та стратегик корхона активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз акциялари Тошкент ва Лондон фонд биржасига чиқарилди. Бу Лондон биржасининг охирги беш йилдаги энг йирик IPO’сига айланди.
Шу билан бирга, қатор йирик компанияларни ҳам ИПОга чиқаришга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу каби ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш учун «Капитал бозори тўғрисида»ги ва «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинади.
Президент Ўзбекистонда халқаро клиринг компанияларнинг фаолиятига ҳам кенг имкониятлар очилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, инвестиция оқимини диверсификация қилиш учун суверен ислом облигациялари — сукук дастурини амалга ошириш бошланади.
Булар корхоналарга келгусида камида 10 млрд доллар қўшимча капитал олиб келиш учун катта туртки беради.
Шунингдек, хусусийлаштириш доирасида шу йил 6 млрд долларлик кўчмас мулк, корхоналардаги давлат улуши ва ер участкалари аукционга чиқарилади.
Давлат раҳбари маҳаллий ва хорижий инвесторларни бундай янги имкониятлардан кенг фойдаланишга чорлади.

