Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ–апрел ойларида Ўзбекистонда йирик корхоналар томонидан қарийб 1,9 триллион сўмлик асосий фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситалари ишлаб чиқарилган.
Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга ошган. Таҳлиллар фармацевтика саноати мамлакатда энг тез ривожланаётган тармоқлардан бирига айланаётганини кўрсатмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда тўрт ой давомида 1,2 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, бу республика умумий ҳажмининг ярмидан кўпроғини ташкил этади.
Иккинчи ўринда Сирдарё вилояти 261,5 миллиард сўмлик кўрсаткич билан қайд этилган. Кейинги поғоналарда Тошкент вилояти — 123,5 миллиард сўм ва Наманган вилояти — 106,2 миллиард сўм натижа кўрсатган.
Самарқанд вилоятида 78,4 миллиард сўмлик, Фарғона вилоятида 40,3 миллиард сўмлик, Андижон вилоятида эса 39,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида 30,3 миллиард сўмлик фармацевтика маҳсулотлари тайёрланган.
Қашқадарё вилоятида ишлаб чиқариш ҳажми 7,8 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, Бухоро вилоятида бу кўрсаткич 4,7 миллиард сўмга тенг бўлган.
Хоразм вилоятида 3,7 миллиард сўмлик, Қорақалпоғистон Республикасида эса 1,9 миллиард сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

