Англияда ўтказилган янги тадқиқот натижалари одам папилломаси вирусига (ОПВ) қарши оммавий вакцинация ёш аёллар орасида бачадон бўйни саратонидан ўлим ҳолатларини деярли тўлиқ бартараф этганини кўрсатди.
Олимлар мамлакатда 2001–2024 йиллар давомида бачадон бўйни саратонидан ўлим ҳолатлари бўйича маълумотларни таҳлил қилган. ОПВга қарши миллий вакцинация дастури 2008 йилда йўлга қўйилган бўлиб, унга 12–13 ёшли қизлар қамраб олинган. Вакцинация даражаси 88–90 фоизга етган.
Тадқиқот натижаларига кўра, 2020–2024 йилларда 20–24 ёшли аёллар орасида бачадон бўйни саратонидан бирорта ҳам ўлим ҳолати қайд этилмаган. Аввалги кўрсаткичлар сақланиб қолганида эса, ушбу даврда камида 23 та ўлим ҳолати кузатилиши мумкин эди.
Вакцинациянинг ижобий таъсири бошқа ёш гуруҳларида ҳам намоён бўлган. Ўсмирлик даврида эмланган аёллар орасида бачадон бўйни саратонидан ўлим кўрсаткичи 69–80 фоизга камайган.
Тадқиқот муаллифларининг ҳисоб-китобларига кўра, вакцинация дастури жорий этилганидан буён тахминан 200 нафар аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу оммавий ОПВ вакцинацияси нафақат касалланиш ҳолатларини камайтириши, балки инсонлар ҳаётини сақлаб қолишини ҳам ишончли тарзда исботлаган илк тадқиқотлардан бири ҳисобланади.
Тадқиқот натижалари нуфузли тиббий журнал — The Lancet нашрида эълон қилинган.

