Исроилда Эбола вирусини юқтирган бўлиши мумкин бўлган биринчи бемор аниқланди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бемор махсус изоляция шароитига жойлаштирилган бўлиб, ўта хавфли инфекциялар учун белгиланган тиббий протоколлар асосида даволанмоқда.
Бемор Ҳайфа шаҳридаги махсус тиббий изоляторнинг карантин бўлимига жойлаштирилган. Шифокорлар томонидан текширувлар ўтказилмоқда ва таҳлил натижалари кейинги 48 соат ичида тайёр бўлиши кутилмоқда.
Айни пайтда мутахассислар инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида, бемор билан мулоқотда бўлган шахслар доирасини аниқлаш ишларини олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат тиббиёт тизими бундай ҳолатларга тўлиқ тайёр эканини таъкидлади.
Беморга аниқ ташхис лаборатория таҳлиллари натижалари олингач, расман қўйилади.
Аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола касаллиги авж олгани ҳақида хабар берилган эди. Касаллик дастлаб Итури вилоятида тарқалган бўлиб, кейинчалик Шимолий Киву ва Жанубий Киву ҳудудларига ҳам ёйилган.
Ҳозирга қадар вирус Итури ва Шимолий Киву вилоятларидаги яна бир нечта туманларда аниқланган. Касаллик жами 29 та тиббий ҳудудни қамраб олган. Шунингдек, қўшни Угандада ҳам Эбола билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилган.

