Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегарасини демаркация қилиш ишлари доирасида Фарғона вилоятида жойлашган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари Қирғизистон таркибига ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Президентининг матбуот котиби Аскат Алағозов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур аҳоли пунктларида қарийб 2,5 минг нафар этник қирғиз истиқомат қилади. Энди ушбу қишлоқларда рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилиб, аҳолига Қирғизистон фуқаролиги берилади.
Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги келишувга мувофиқ, Қирғизистон мазкур ҳудудлар эвазига Ўзбекистонга чегара яқинида жойлашган майдони тенг ер участкаларини топширган.
Шунингдек, Сай ва Таян қишлоқлари оралиғида автомобиль йўли қурилиши учун умумий майдони 236 гектар бўлган тенг қийматдаги ер майдонлари ҳам ўзаро алмашилган. Қирғиз томонининг таъкидлашича, мазкур йўл фойдаланишга топширилгач, Боткен вилояти аҳолиси Айдаркен шаҳридан Боткен шаҳрига ҳозирги 225 километрлик айланма йўл орқали эмас, балки атиги 55 километр масофа босиб етиб бориши мумкин бўлади.

