Президентнинг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли фармони билан маҳалла бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган янги тартиблар жорий этилди. Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда маҳалла раиси ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат, аҳоли муаммолари ва “маҳалла еттилиги” фаолияти учун бевосита масъул ҳисобланади.
Янги тартибга кўра, маҳалла раиси ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқ инспектори ва ижтимоий ходим фаолиятини мувофиқлаштиради. Уларнинг меҳнат интизоми электрон табел орқали назорат қилиниб, натижалар иш ҳақини ҳисоблаш жараёнида инобатга олинади.
Шунингдек, раисларга эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда коммунал муаммоларни ҳал этиш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди.
Фармон билан 2026 йил 1 ноябрга қадар “Рақамли маҳалла” платформаси ишга туширилиши ҳам белгиланди. Платформа орқали аҳоли мурожаатлари электрон тарзда қабул қилиниб, масъул идораларга автоматик йўналтирилади.
Маҳаллаларнинг молиявий имкониятлари ҳам кенгайтирилмоқда. Бунинг учун махсус жамғармаларга қўшимча маблағлар йўналтирилади, маҳаллий жарималар ва айрим солиқ тушумларининг бир қисми маҳалла ихтиёрида қолдирилади.
Фармонга мувофиқ, давлат органларининг “маҳалла еттилиги” фаолиятига асоссиз аралашуви ва уларни вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилишига йўл қўйилмайди.

