Ижтимоий тармоқларда Асака туманидаги 14-мактаб ўқувчилари “Андижон полкаси” тадбиридан қайтаётган вақтда ЙТҲга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди.
Унда айтилишича, ҳодиса оқибатида бир нафар ўқувчи вафот этган, қолганлари эса жонлантириш бўлимига ётқизилган. Воқеа ўқувчилар тадбирдан қайтаётганида эмас, унга бораётганида юз берган.
Андижон вилояти ЙҲХБ ахборот хизматининг “Дарё”нашрига изоҳига кўра, Асака тумани халқ таълими бўлими томонидан Андижон шаҳрида ўтказиладиган тадбирга тайёргарлик кўриш учун бориб-келадиган ўқувчиларга алоҳида автобус ажратилган. Аммо бир гуруҳ ўқувчи ўзбошимчалик билан Damas автомобилида кетаётган бўлган.
Йўлда автомобил “ЗИЛ” юк машинаси билан тўқнашган. Ўқувчилар шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, улардан бир нафари вафот этган. Қолган ўқувчиларнинг ҳолати яхши экани айтилган.
Ҳодиса сабаб суриштирув олиб борилмоқда.

