Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан журналистика, телерадио, интернет нашрлари ва блогерлик фаолиятида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари давлат мукофотларига сазовор бўлди.
Мукофотланганлар орасида «Севимли» телеканали бошловчиси Фарҳод Абдуллаев, «Kun.uz» мухбири Шоҳрух Мажидов, «Daryo.uz» муҳаррири Нигора Аълоева, «Xabar.uz» мухбири Лайло Хайитова, «Янги Ўзбекистон» газетаси мухбири Лутфулла Сувонов, ТАСС агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Валерий Бирюков ҳамда бошқа кўплаб журналист ва медиа вакиллари бор.
Шунингдек, «Ўзбекистон 24», «Спорт», «Менинг юртим», «Миллий», «Наво», «Ўзбекистон тарихи», «UzReport TV», «Zo‘r TV», «Jaslar TV» каби телеканаллар ходимлари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбир ва фотомухбирлари, нашриётлар, газеталар ва журналлар вакиллари ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Фармонда қайд этилишича, мукофотлар мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, жамиятда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни кенг ёритиш ҳамда миллий журналистика тараққиётига қўшилган муносиб ҳисса учун берилган.

