Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ва жамоа сардори Элдор Шомуродов иштирокида расмий матбуот анжумани ўтказилди.
«Конго ҳам жуда ажойиб жамоа, тажрибага эга, жисмоний яхши шаклланган жамоа. Бироқ биз уларни ютиш учун ҳаракат қиламиз. Эртага ўйин бошқача бўлади, чунки биз иккита энг юқори даражадаги рақиблар билан ўйнаб бўлдик. Охирги ўйин ҳам осон кечмади, уни таҳлил қилдик», — деди Фабио Каннаваро.
Бош мураббий биринчи баҳсда Юсупов яхши ўйин кўрсатгани, бироқ шунчаки бошқа дарвозабонга ҳам имконият берилганини таъкидлади. Айтилишича, таркибда уч нафар юқори даражадаги дарвозабон бор.
«Мен барчага имконият беришга ҳаракат қиляпман, чунки бу жуда ҳам муҳим тажриба ҳисобланади», — деди мураббий.
Жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам ўз фикрлари билан бўлишди.
«Асосий мақсадимиз бизни қўллаб турган халқимизни хурсанд қилиш. Биринчи голимизни урдик, энди вазифамиз биринчи ғалабага эришиш.
Ҳимояни ҳам унутмаслигимиз керак, гол уришга интилиб орқани унутамиз, дегани эмас. Биринчи навбатда ғалабага эришиш муҳим. Асосий мақсад тартибли ўйин намойиш этиб, ғалабага эришиш.
Мухлисларимиз куч бериб турди, нафақат стадиондаги, балки Ўзбекистондаги ишқибозларимизнинг ҳам қўллаб-қувватлаб туришларини ҳис қилдик. Уларга албатта миннатдорчилик билдирамиз ва уларни кейинги ўйинда хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз», — деди Шомуродов.
Каннаваро жамоа жаҳон чемпионатида жуда кўп нарсани ўрганаётгани, эртанги баҳс ҳам унинг ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.
«Мен илк кунлардanoq футболчиларга нисбатан босимни йўқотишга ҳаракат қилганман. Қуръадан кейин ҳам босимсиз ўйнаш кераклигини айтдим.
Мамлакатда болалар футболи, академиялар ва ёшларга алоҳида эътибор берилади. Шу сабабли Ўзбекистон илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда.
Албатта эртага аввалги ўйинларга нисбатан эркинроқ баҳс бўлади. Чунки аввалги 2 та турда биз жуда кучли рақиблар билан ўйнадик. Шу сабабли эртанги ўйин биз учун бошқача бўлади.
Мен мураббий сифатида ўйин сифатини оширишга, футболчиларга ёрдам беришишга ҳаракат қиламан. Эртага қўлимиздан келган барча имкониятни амалга ошириб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз», — деди бош мураббий.

