Россиянинг Астрахань вилоятида тайёр овқат истеъмол қилиш оқибатида юз берган оммавий заҳарланиш фожиа билан якунланди. Сальмонеллёз ташхиси билан шифохонага ётқизилган 14 нафар бемордан бири вафот этди. Бу ҳақда Астрахань вилояти прокуратураси маълум қилди.
Тергов қўмитаси маълумотига кўра, жабрланганларнинг барчасида лаборатория таҳлиллари орқали сальмонеллёз ташхиси тасдиқланган. Улар маҳаллий гастрономлардан биридан сотиб олинган тайёр таомларни истеъмол қилишлари натижасида заҳарланишган.
Ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа сабаблари ва айбдорларни аниқлаш бўйича тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
«Роспотребнадзор» мутахассислари гастрономнинг ишлаб чиқариш цехида ўтказилган текширув давомида санитария қоидалари қўпол равишда бузилганлигини аниқлади. Хусусан, технологик жараёнлар кетма-кетлигига риоя қилинмаган, маҳсулотларни нимталаш ва бўлаклаш учун ишлатиладиган асбоб-ускуналарда мажбурий маркировка (тамға) мавжуд бўлмаган.
Инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида санитария хизматлари беморлар билан яқин алоқада бўлган бўлиши мумкин бўлган шахсларни аниқлаб, улар устидан тиббий назорат ва лаборатория текширувларини ташкил этди.
Заҳарланганлар орасида турли ёшдаги фуқаролар бор. Хусусан, улар орасида ота-онаси билан ушбу ҳудудга меҳмонга келган етти ёшли бола ҳамда Астрахань вилояти соғлиқни сақлаш вазирининг собиқ ўринбосари Павел Джуваляков ҳам борлиги айтилмоқда.

