Саудия Арабистонининг Рас-Таннура ҳудудида вертолёт ҳалокатга учради. Авиаҳалокат оқибатида бортда бўлган 14 кишининг барчаси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги (SPA) хабар тарқатди.
Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонларнинг барчаси Саудия Арабистони фуқароларидир. Айни пайтда расмий идоралар томонидан воқеа тафсилотлари тўлиқ очиқланмаган. Ҳодиса жойида тергов ҳаракатлари бошланган бўлиб, мутахассислар ҳалокат сабабларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.
Маълумот учун, Рас-Таннура шаҳри Форс кўрфази соҳилида жойлашган бўлиб, у ерда йирик нефтни қайта ишлаш мажмуаси фаолият юритади. Тахминларга кўра, ҳалокатга учраган вертолёт маҳаллий нефть компанияларидан бирига тегишли бўлган.

