Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ–206-сон Фармонига мувофиқ давлат ижтимоий суғуртаси тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан проактив тарзда тайинлаш ва тўлаш тизими ишга туширилди. Бунинг учун Ижтимоий суғурта ахборот модули яратилди ҳамда 10 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинди.
Натижада тизим ўз самарадорлигини амалда кўрсатмоқда. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида 81 мингдан ортиқ меҳнатга лаёқатсизлик варақаси автоматик тарзда кўриб чиқилди. Шундан 58 минг ҳолат бўйича қарийб 660 миллиард сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тайинланиб, тўлаб берилди.
Айниқса, хусусий секторда меҳнат қилаётган аёлларнинг ижтимоий ҳимояси сезиларли даражада кучайди. Агар 2025 йилда уларга 13,5 миллиард сўм нафақа тўланган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 141,6 миллиард сўмга етди. Бир нафар аёлга тўланадиган ўртача нафақа миқдори эса 2,6 миллион сўмдан 14,8 миллион сўмгача ошди.
Давлат ижтимоий суғуртаси тизимини ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи 2026 йил 1 июлдан бошланади.
Эндиликда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, яъни касаллик нафақалари ҳам Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Янги тартибга кўра, бир календар йилидаги касалликнинг дастлабки 5 куни учун нафақа иш берувчи томонидан тўланади. Олтинчи кундан бошлаб эса тўловлар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Илгари эса мазкур харажатлар тўлиқ иш берувчи зиммасида эди.
Касаллик нафақаси миқдори фуқаронинг суғурта стажига қараб белгиланади. Суғурта стажи 6 ойдан 8 йилгача бўлганларга ўртача иш ҳақининг 60 фоизи, 8 йилдан ортиқ стажга эга бўлганларга эса 80 фоизи миқдорида нафақа тўланади.
Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, қарамоғида 18 ёшгача бўлган тўрт нафар ва ундан ортиқ фарзанди бор фуқаролар ҳамда ногиронлиги бўлган фарзандни тарбиялаётган оилалар учун нафақа миқдори қўшимча 20 фоизга оширилади.
Янги тизимда болаларни парвариш қилиш бўйича ҳам қўшимча ижтимоий кафолатлар назарда тутилган. Хусусан, 14 ёшгача бўлган болани парвариш қилиш учун қўшимча 20 календарь кун, 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болани парвариш қилиш учун эса қўшимча 40 календарь кунгача нафақа тўланади.
Тўловлар «Baraka» тизими орқали амалга оширилади. Ҳар бир фуқаро учун виртуал карта автоматик равишда очилади ва маблағлар ушбу картага ўтказилади.
Касаллик нафақаларини молиялаштириш муддатлари ҳам аниқ белгиланган. Ойнинг 1–15 саналарида тайинланган нафақалар шу ойнинг 25 санасигача, 16–31 саналарида тайинланган нафақалар эса кейинги ойнинг 10 санасигача тўлаб берилади.
Янги тартиб давлат ва хусусий секторда меҳнат қилаётган, мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинган барча фуқароларга татбиқ этилади. Бунинг учун камида 6 ойлик суғурта стажига эга бўлиш талаб этилади.

