Тошкент халқаро аэропортида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қонунга хилоф равишда олиб киришга уринган аёлга нисбатан суд ҳукми чиқарилди.
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди маълум қилишича, муқаддам бир неча бор судланган аёл 2025 йил июль ойида тижорат мақсадида Туркиянинг Истанбул шаҳрига борган. У ерда таниши унга бир пакет дори воситаларини Тошкентга олиб келиб, бошқа шахсга етказиб беришни сўраган ва бу хизмат учун ҳақ ҳам берган.
2025 йил 26 июль куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида божхона назорати вақтида унинг юклари текширилганда, оғзаки сўровда маълум қилинмаган, йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган ҳамда тегишли рухсат этувчи ҳужжатларсиз жами 100 дона турли номдаги дори воситалари аниқланган.
Кимёвий экспертиза хулосасига кўра, мазкур дори воситалари таркибида республика ҳудудида эркин муомаласи чекланган кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд экани тасдиқланган.
Суд жараёнида судланувчи дори воситаларини декларацияда кўрсатмаганини тан олиб, қилган ишидан пушаймон эканини, уларни сотиш нияти бўлмаганини, уч нафар фарзанди борлигини инобатга олишни сўраган.
Бироқ суд иш бўйича йиғилган далиллар, жумладан, баённомалар, экспертиза хулосалари, ашёвий далиллар, видеоёзувлар ва гувоҳлар кўрсатувларини ўрганиб, унинг айби тўлиқ исботланган деган хулосага келди.
Суд ҳукмига кўра, аёл Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми ҳамда 251¹-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга жиноятлар мажмуи бўйича 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Фарҳод Ҳикматуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси

