Венесуэланинг зилзиладан энг кўп жабр кўрган Ла-Гуайра штатида вайрон бўлган бино қолдиқлари орасидан 3 ёшли бола тирик ҳолда қутқариб олинди. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Делси Родригес маълум қилди.
«Уч ёшли бола вайроналар остида олти кун қолганига қарамай, тирик ҳолда қутқарилди», — деб ёзди у ўзининг Telegram саҳифасида ва бу воқеани «бутун халқ учун умид рамзи» деб атади.
Бу қутқарув амалиёти давомидаги яна бир қувончли ҳолат бўлди. Бундан аввал америкалик қутқарувчилар гуруҳи маҳаллий ёнғин ўчирувчилар билан ҳамкорликда вайроналар орасидан 9 ойлик чақалоқ ва унинг онасини тирик ҳолда олиб чиққан эди. Уларнинг ҳар иккиси енгил жароҳат олган.
24 июнь куни Венесуэлада кетма-кет иккита кучли зилзила содир бўлди. Уларнинг магнитудаси мос равишда 7,2 ва 7,5 ни ташкил этган бўлиб, ер силкинишлари орасидаги вақт тахминан 40 сониядан иборат бўлган. Зилзила эпицентри Яракуй штатида жойлашган.
Асосий силкинишлардан кейин юзлаб афтершоклар кузатилди. Бу эса аввалдан шикастланган биноларнинг янада вайрон бўлишига ҳамда қутқарув ишларининг қийинлашишига сабаб бўлди.
Сўнгги расмий маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари сони 1 719 нафарга етди. 3,2 мингдан ортиқ киши турли даражада жароҳат олиб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган. Кўплаб турар жойлар, инфратузилма объектлари ва шифохоналар вайрон бўлган, мамлакатнинг бош аэропорти эса вақтинча ёпилган.
Энг оғир вазият соҳил бўйидаги Ла-Гуайра штатида кузатилмоқда. Бу ерга дунёнинг турли мамлакатларидан 1 600 нафардан зиёд қутқарувчи етиб келган. Делси Родригеснинг маълум қилишича, дам олиш кунлари вайроналар орасидан 33 нафар инсон, жумладан бир нечта бола тирик қутқарилган.
Шунга қарамай, минглаб одамлар ҳамон бедарак деб ҳисобланмоқда. Расмий манбалар юзлаб инсонлар йўқолганини билдирган бўлса, жамоат ташкилотлари бедараклар сони 50 минг нафаргача етиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Венесуэлага халқаро ҳамжамият томонидан гуманитар ёрдам кўрсатилмоқда. Дастлабки ёрдам юкларини Мексика, Панама ва Коста-Рика юборган. Шунингдек, Россия Президенти Владимир Путин ҳам Венесуэла раҳбариятига ҳамдардлик билдирган.
Қутқарувчилар тирик қолганларни излаш учун вақт тобора қисқараётганини таъкидламоқда. Шунга қарамай, қидирув-қутқарув ишлари узлуксиз давом этмоқда.

